Журналистдан ҳамма танқид кутади. Аслида танқид кимга керак?
Кейинги ўттиз йил ичида ўзбек матбуоти нималарга эриша олди? «Эришилган»лардан ким кўпроқ манфаат кўрди?
Ўттиз йил олдин Ўзбекистон мустақилликка эришди. Матбуот ҳақидаги гапни яна ҳам аввалроқдан бошлаш керак. Ана шу мустақилликка эришиш учун «қайта қуриш» даврида матбуот катта хизмат қилди, эрк кунларини яқинлаштирди. Шўроларнинг зулм салтанати ошкоралик туфайли қулади, имкон пайдо бўлиши билан миллатларнинг зиёлилари матбуотда тарих қатламларини очдилар, миллий ўзликни ва миллий тилларини талаб қилдилар, динларига ва маданиятларига соҳиб чиқдилар. Натижада кўзи очилган халқлар ягона маҳбусхонада яшашни истамай қолдилар ва ўз мустақилликларини бирин-кетин эълон қилдилар. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон парламенти Мустақиллик декларациясини қабул қилди.
Шундан кейинги тарихга келсак, бугун ўтган чорак асрга ҳаққоний баҳо берилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу даврни «қўрқув даври» деб атади: «У даврлар бошқача эди. Қанча жим юрсанг, шунча яхши эди... Бизлар қўрқув даврида яшагандик».
Ўтган ўша даврга қарасак, матбуот билан боғлиқ бир қонуниятни кўрамиз. Дастлабки йилларда 1990-1994 йилларгача кўп яхши ишлар қилинди — Конституция ва беш юзга яқин қонунлар ошкора муҳокамалар асосида қабул қилинди, Президентлик таъсис этилди ва реал муқобиллар асосида сайлов ўтказилди, парламентда ҳурфикрлик ва матбуотда ошкоралик ҳукм сурди, бозор иқтисодига ўтиш, маданий дунёга интеграцияланиш учун ҳаракатлар бошланди. Дастлабки парламентда ҳамма масалалар ошкора муҳокама этилар, халқда ҳам бир кўтаринкилик ҳукмрон эди.
Бироқ аста-секин яна маъмурий-буйруқбозлик тизими ўзини мустаҳкамлаб олди, ҳақиқатни айта оладиган кучлар қатағонга учради, қамалди ёки юртни тарк этди, оммавий ахборот воситалари энди оммавий тарғибот воситаларига айлантирилди. Шахсга сиғиниш вазияти қарор топди, юртбошини мақташ, мадҳиябозлик авжига чиқди, танқид қилинса, фақат «мустақиллигимизни кўра олмайдиганлар», «иқтисоддаги ютуқларимизга ҳасад қилувчилар», хорижда юрган «ватан хоинлари» танқид қилинарди. Буларнинг бари Қодирий, Чўлпон, Беҳбудийларни қатағон қилган Сталин даврини ёдга соларди. Эътибор беринг: матбуот гунг ва кар ҳолатга солингач, осонгина сиёсий «якдиллик» шароити юзага келтирилди ҳамда иқтисод ҳам инқирозга юз тута бошлади, коррупция авж олди, бугун хориж банкларидан қайтаришга уринаётганимиз миллиардлаб долларлар ўшанда ўмарилганди, ҳатто деҳқонларга нима экиб, кимга сотишни ҳам давлат режалаштирадиган ва ҳосил йиғим-теримини прокуратура ва милиция назорат қиладиган маъмурий иқтисод юзага келди...
Хайрият, 2016 йил сўнгида янги сиёсий, маъмурий, иқтисодий ислоҳотлар ваъдаси билан мамлакат раҳбарлигига Шавкат Мирзиёев келди ва ислоҳотлар сўз эркинлигидан бошланди.
Танқид ҳеч кимга ёқмаслиги кундай равшан. Аммо журналистдан ҳамма кўпроқ танқидни кутади. Аслида танқид кимга кўпроқ керак: журналистгами, у чиқаётган нашргами ёки жамиятга?
Танқид — агар тузум ҳуқуқ устувор бўлган, адолатли ва демократик бўлса, ҳамма учун фойдалидир.
Ҳақиқатни ёзиш журналистга фойда, чунки у, аввало, ўз касбининг шарафини оқлайди, ўз номуси ва орини юксакка кўтаради ва халққа ҳам, Холиққа ҳам мақбул ишни қилади.
Ҳақиқатни чоп этиш, такрор айтамиз, агар тузум демократик ва адолатли бўлса, нашрга ҳам фойдали, чунки унинг ҳақиқий обуначилари, мухлислари кўпаяди, натижада реклама берувчилари кўпаяди даромади ошади. Достоевский: «Пул — чоп этилган озодлик», — деган. Бойнинг овози баландроқ чиқиши шундан. Аслида бобомиз Замахшарий: «Ҳақ сўзлаганнинг овози арслон ўкиришидан ҳам шиддатлидир», деганлар.
Ҳақиқатни ўқиш, тафаккур қилиш, муаммоларнинг илдизига етиш ва ечимларни топиш — жамиятга ҳам фойдалидир, турли-туман фикрларсиз тафаккур ўлади, иқтисод инқирозга учрайди, маънавият пароканда бўлади.
Матбуот расман эмас, фақат қоғозлардагина эмас, реал ҳаётда бошқа учта ҳокимият билан бўйлаша оладиган чинакам тўртинчи ҳокимият бўла олишига ишониш мумкинми? Бунинг учун нима қилмоқ керак?
Матбуот, оммавий ахборот воситалари Конституциямизни жиддий ўқиган ва тафаккур қилган инсон учун ҳаққоний тўртинчи ҳокимиятдир. Биласиз, шундай касблар борки, юз минглаб, миллионлаб инсонлар у билан шуғулланади, лекин уларнинг касб-кори Конституцияда тилга олинмаган. Конституцияда Президент ва Вазирлар Маҳкамаси, Суд ва куч ишлатар тизимлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари алоҳида институтлар тарзида тилга олинган. Оммавий ахборот воситаларига алоҳида боб бағишланган. Нари борса, мингта атрофида ОАВ бўлса ва уларда беш-ўнтадан одам ишласа, беш ё ўн минг кишининг фаолияти Конституцияга кирган. Иккинчи томондан, журналистика худди шифокорлик ва муаллимлик каби ижтимоий касбдир, адолат ва ҳақиқат унинг ўзаги бўлиши шартлигидан келиб чиқиб, унга Конституциявий институт мақоми берилган.
Янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситлари яна ўз вазифасини ҳалол бажаришга тараддудланмоқда. «Тўртинчи ҳокимият» истилоҳига келсак, уч ҳокимият нима қилади: қонун чиқарувчи ҳокимият — давлат ва жамият фаолиятига асос бўладиган қонунларни ишлаб чиқади ва қабул қилади, ижро ҳокимияти ва халқ шу қонунлар асосида ишлайди, яшайди ва фаолият юритади, суд ҳокимияти давлат мансабдорлари ва халқнинг қонунларни бузган ҳолларига ҳакамлик қилади ва жазо беради. «Тўртинчи ҳокимият» — оммавий ахборот воситалари эса бу учта ҳокимият ва жамиятнинг ҳаётини шаффофлаштиради, уларнинг ўз вазифаларини амалга оширишларига кўмаклашади, камчиликларини ошкор қилади, муаммоларининг ечими сайловларда қатнашганда, тафаккур билан овоз бериши учун жамоатчилик фикрини шакллантиради. Матбуотнинг ҳокимияти — халқ фикрига таъсир ўтказа олиш кучидадир.
ОАВнинг тўртинчи ҳокимиятга айланиши қатор омилларга боғлиқ.
Энг аввало, сиёсий ирода керак. Бу ирода давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан айтилмоқда ва қайта-қайта даъват этилмоқда. Агар бу сиёсий ирода бўлмаганда, бугунги айтилаётган ҳақиқатларга имкон бўлармиди?!
Иккинчидан, ОАВ қонунлар такомиллашуви лозим. Масалан, туҳмат ва ҳақорат деган жиноятларни ғайрикриминаллаштириш таклифи амалга ошиши керак. Бу қонунбузарликларнинг маъмурий ва фуқаролик кодексларида бўлиши етарлидир. Сўз учун, фикр учун қамоқ жазоси бўлиши мамлакатда фикр эркинлигига ҳеч қачон йўл бермайди. Бирор бир тараққий қилган, маданий халқда ва давлатда бундай модда мавжуд эмас, у фақат авторитар ва тоталитар давлатларда қолган. Уни мансабдорлар танқиддан қўрққани учун ушлаб туради ва халққа эса шундай дейди: «Наҳотки, сизга газетада ёки интернетда туҳмат ё ҳақорат қилишса ва жазосиз қолса?!» Аввало, жазосиз қолмайди — маъмурий ва фуқаролик кодексларига кўра жазоланади, жарима тўлайди, ОАВ ёпилиши мумкин, қолаверса, ОАВ қонунчилигига кўра, ёлғон маълумотлар раддия қилинади ва фикрларга жавоб бера олади. Фақат сўз учун қамоқ жазоси бўлмайди, холос. Агар бир журналист сўзи учун қамалар экан, қолган минглаб журналистлар танқиддан тийилади, жим ўтиришни ёки мақташни афзал кўради. Мақтов эса «тиз чўкиб қилинадиган қароқчиликдир».
Учинчидан, ОАВ менежменти бозор иқтисоди шароитига ўтиши керак. Қонунчиликка кўра, исталган соҳага сармоя кирита оласиз, лекин ОАВ соҳасида чегара бор, низом жамғармасида хориж сармояси 30%дан ошмаслиги керак, бевосита бирор матбуот хориждан маблағ жалб эта олмайди, аввал «умумий ўра»га — Фондга тушиши керак ва у кимга беришни ҳал қилади. Сармоядор эса муайян, аниқ лойиҳага пул беради. Кўряпсизки, матбуот соҳаси бозор иқтисодининг рақобат шароитига кира олмайди. Тушунаман, бу чекловлар аввалги Шавкат Мирзиёев айтган «қўрқув даври»дан қолган. Жамоатчилик фикрига хориж таъсир ўтказмасин дейилган. Биз энди адолатли ва ҳалол иш юритсак, нимадан қўрқамиз?!
Тўртинчидан, айнан халқнинг ошкора фикрлаши ва онгли қарорлар қабул қилиши ҳақиқий барқарорлик ва хавфсизлик асосидир. Онгсиз оломон хавфсизлик душманидир.
Сўнгги уч-тўрт йилда ўзбек матбуотида анча жонланиш сезилаётган эди. Бироқ газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатларини нима билан изоҳлаш мумкин?
Кўряпмизки, сўз эркинлигининг бор-йўқлиги мамлакатдаги адолатнинг бор-йўқлигини белгилайдиган омилдир. Агар сўз эркинлиги бўлса, иқтисод ҳам ривожланади, коррупция ҳам жиловланади. Лекин ҳақиқатни ёзадиган журналистлар, блогерлар яна таъқибга олина бошланса, «ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз» бошланади — коррупция, турғунлик ва зулм авж олади, дунё яна бизга ёввойи қабилага қарагандек қарай бошлайди, ижобий жозибамиздан асар ҳам қолмайди, рейтингларда яқиндагина олдинга чиқаётган еримизга, Африка занжилари қаторига қайтамиз.
Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир. Сайтлардан бу хабарларнинг битта-яримтаси йўқолса, буни аввалига дадиллик қилган муҳаррирнинг қўрқоқлиги билан изоҳласак бўларди, лекин уларнинг бирданига ҳаммасидан олиб ташланиши масаланинг анчайин кучли шахслар томонидан олишга мажбурланганини билдиради. Лекин мамлакат раҳбарининг сиёсати цензура эмас, очиқликдир.
2020 йил 3 июнь куни қашшоқликни камайтиришга бағишланган видеоконференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уни минтақаларда олиб борилаётган ислоҳотлар учун мақтамасликни сўради. 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида 410,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган Миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хаджаевга мурожаат қилиб: «Менга «Президент шундай қилди», — деб мақташга ҳожат йўқ. Ислоҳотлар натижасида одамларнинг дунёқараши ўзгаради, қизиқиш пайдо бўлади, «ер меники» ҳисси пайдо бўлади. Ислоҳотларни шунчаки мақтов эмас, балки амалда намойиш қилинг», — деди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда ижобий ўзгаришлар президент туфайли эмас, балки ислоҳотлар ва қонунларнинг ишлаши туфайли рўй беради: «Сизга бир нарса айтишдан қўрқаман, сиз дарҳол президентни мақтай бошлайсиз. Бунинг барчаси президент томонидан эмас, ислоҳотлар, қонун асосида амалга оширилишини айтдим».
Орадан уч кун ўтиб, Ўзбекистон Президенти давлат агентликлари ва давлатдан таъминланадиган ялтоқи телерадиожурналистларига қарата 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида «мақтовлар керак эмас»лигини таъкидлади: «Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўяяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди... Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар».
Шу гаплардан сўнг ҳам танқидга, ошкораликка, ҳаққоний муҳокама ва мулоқотларга йўл бермайдиган раҳбарларнинг тафаккурида (агар фикрласа) шундай хаёллар бўлса керак: ё у асли қўрқоқ, ё биз билгандан кўра кўпроқ нарсани билади. Қадимги замон файласуфи Ксенофонт: «Рост гапирганим, танқид қилганим учун кўп балоларга учрадим, лекин мақтаганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим», — деган. Бу унинг киноясидир.
Президент танқид қилинглар, «аччиқ-аччиқ масалаларни кўндаланг қўйинглар», «мақтов керак эмас» деб турганда, яна мақташда давом этадиган ОАВ раҳбарларининг қилмишини, фикратини шундай изоҳлаш мумкин:
биринчидан, у шундай фикрда: «Давлат раҳбари бу чиройли гапларни гапиргани билан, ич-ичидан ошкораликни истамайди, мен унинг гапларига эмас, ички истагига бўйсунаман ва шу туфайли лавозимимда узоқ қоламан!»
Иккинчидан: ёки: «Президент, балким, сўз эркинлигини истайди, биз танқид қилиб кўрдик, лекин унинг атрофида ўтирганлар дарҳол бурнимизни ерга ишқаб қўйишди, уларнинг қўли узун ва улар кўпроқ хабардор. Кўзимга қараб юришим керак!» У ўнлаб танқиди туфайли ёпилган газеталарни, ишидан айрилган бош муҳаррирларни, юзлаб ҳақ сўзи учун қатағонга учраган журналистларни ва блогерларни мисол қилиб келтиради, яна минглаб мақтагани учун ўрнидан жилмай ўтирган нашр ва оммавий ахборот воситлари раҳбарлари ва ходимларига ишора қилади.
Учинчидан, ёхуд: «Мақтасам, битта давлат раҳбарига ёқмасман, лекин минглаб унинг амалдорларига ёқаман, давлатни аслида ана шу жим юриб, зимдан ишини юритаётган кучлар тасарруф қилмоқда ва уларга бўйсунсам, адашмайман!»
Мен бу фикрларнинг қай бирида жон борлигини билмайман ва, балким, билишни истамайман. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Жамоат назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида ортга қайтиш бўлмайди», деган сўзларига ишонаман, бир куни коррупционерлар ва монополистлар уни эгиб олишига ва ҳаммаси аввалги ҳолига қайтишига ишонмайман, ишонгим келмайди. Бу — романтика эмас, балким, сўнгги имкониятдир.
Шу ишонч билан танқидий мақолаларни ёздим, ёзяпман ва яна ёзаман. Акс ҳолда шу мақолани ҳам ёзмасдим.
Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Жамоатчилик Кенгаши раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter