Жумбоқ. Ортиқхўжаевнинг мухбирлар билан мулоқотидан «тўлиқ аудио» тақдим этилди
Шу йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳақорат, пўписа ва тажовузларга тўла аудиоси тарқалгани ва воқеаларнинг кейинги ривожини бир-бир эсга солишга ҳожат йўқ. Шундоғам уч кундирки, айни масала жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Воқелик ҳатто халқаро ташкилот ва хорижий элчиларнинг эътиборини жалб этгани вазият тобора жиддийлик касб этаётганини билдиради.
Ҳокимнинг аудиоси тарқалганидан кўп ўтмай у (аудио) тўла шаклда эмаслиги, ундаги акс этган гаплар «маърузадан» юлиб олинган парчалар экани, шунингдек, ўша суҳбатда айтилган таҳдидлар «Kun.uz» мухбирларига қаратилганини сайтнинг ўзи очиқлади.
Бугун «Kun.uz» сайти «...холислик нуқтаи назаридан ҳоким билан ўша учрашув ҳақида нисбатан тўлиқ картина ҳосил бўлиши учун аудиоёзувни нисбатан тўлиқ ҳолга» келтириб жамоатчилик ҳукмига ҳавола этди.
Ҳар иккала аудиога тегишли ҳавола берилаётгани боис ўқувчиларда уларни таққослаш имконияти мавжуд. Шундан келиб чиқиб, кейинги, яъни «тўлиқ аудио»нинг матндаги шаклини унинг мазмунига путур етмаган ҳолда қисқартириб, эътиборингизга ҳавола этишни маъқул деб билдик.
Аввало, таъкидлаш шартки, аудионинг аввалги вариантидаги айрим нуқталар, хусусан, «журналистларга таҳдид» қисми «тўлиқ вариант»да ўзгача шаклда акс этганини кўрамиз:
<...> Нечта одам ишлайди сизларда? Хоҳласанг, 2-3 кун бесабаб уйдан чиқиб кетларинг, йўқолиб қолларинг, ишчиларинг нечта қоларкан? Уч кун бесабаб биттанг уйдан чиқиб кетларинг, қолмайди ишчиларинг. Тўртта қолади. Шуни хоҳлайсизларми?
Ўзларинг, просто, ҳеч кимга айтмасдан, йўқолиб қолинглар уч кун. Шунчаки, синаб кўринглар. Пранк дейдими буни. Уч кун йўқолиб қолларинг, кўрасанлар нима бўлишини. Сен эртага йўқолиб қолгин уч кун, шунчаки ҳеч ким билан алоқага чиқма, нима бўлишини кўрасан. Агар гапимни нотўғри тушунмаётган бўлсанг... Шунчаки, ҳаёт тажрибамни айтяпман. Уч кун йўқ бўлиб қолсанг, жим-жим бўлиб. Сен тирикмисан, ҳеч ким хабар олмайди айтиб қўяй сенга. У ер, бу ерда ёзишади, бир ҳафтадан кейин унутишади. Бўлди. Қаердадир чўкиб ўлгандир-да чўмилаётганида, дейишади, бўлди. И все. Ҳаёт шунақа.
Лекин зўр одамлар [одамларнинг хотирасида] қолади. Ашуласи ҳам, ижоди ҳам. Эркин Воҳидовни, Абдулла Ориповни ҳеч ким унутмаса керак, менимча. Тўғрими? Мана, Абдулла Қодирийлар унутилмайди. Э, қанча ёзувчилар бўлди... Улар унутилади».
«Тўлиқ аудио»да ҳокимнинг маънавият, маърифат ва мажбурий меҳнат борасида ўз қарашларига эга эканини тасаввур қилиш мумкин: «Бизнинг давримизда битта нарсага ишонардик, ҳамма эргашарди, ишонарди. Битта иш бўларди, йўл қурилган, Фарғона канали қурилган, катта-катта ишлар бўлган. Мажбурий меҳнат, ҳашар. Бу қадриятимиз-ку бизнинг. Ота-онамизга хизматниям эртага мажбурият дейди булар. Қадриятни йўқотдик-ку. Қадриятни йўқотдик-ку? Ота-онамизга хизматниям эртага мажбурият дейди. Қани энди ҳашар? Қани? Итам думи билан тозалаб ўтиради эшигини тегини. Энди кўчаси тугул, уйининг олдини тозалата олмаяпмиз-ку, болам?». Ўз навбатида бундай қадриятлар йўқолишига оммавий ахборот воситалари ходимларини сабабчи қилиб кўрсатади: «Қадриятимизни йўқотдик-ку! Ким қилди буни? Сиз қилдингиз! У ерга бориб микрофон тутади, мажбурий меҳнат деб, бу мактабга боради...».
Шунингдек, ҳоким гап орасида Тошкентдаги қурилишлар сабаб Россиядан уч минг одам қайтиб келганини таъкид этиб, бу ҳақда ОАВда бир оғиз гап ёзилмаганидан ёзғиради: «...Биттаси ёзади, ишчиларни 12 соат ишлатяпти деб, биттаси ёзади овқат бермаяпти экан деб. Уч минг одам Россиядан келди, оиласи билан шу ерда яшаб ишлаяпти. Уч минг одам қайтиб келди Россиядан. Ҳеч ким буни ёзмайди. Фақат негатив. Сенсация!». Яна айтадики: «...Лекин биз ошириб юбордик эркинлик тегди деб. Исталган ашуламизни айтиб ташадик!».
Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайт мухбирларининг бир тадбиркор мурожаатига асосан Олмазор тумани ҳокимлигига борганига тўхталиб, бундан улар манфаатдор эканига очиқдан-очиқ ишора қилиши баробарида нопрофессионалликда айблайди: «Ёзинглар, истаганларингча. Ҳеч ким олдингларни тўсаётгани йўқ. Лекин ҳар бир одам Худонинг олдида ўзи жавоб беради. Менга қизиқ, шунча тадбиркорнинг муаммоси туриб, битта ўшанинг иши билан борилган. Нима бор бу ерда, манфаат борми? Шахсий манфаат бор. Билмасам.
Бир томонлама ўрганасизлар. Иккинчи томонни ўрганмайсилар. Ҳокимият ҳудудида камера кўтариб юриш мумкинми? Қўлингда ҳужжатинг йўқ, форманг йўқ. Масалан, сенинг уйингга камера билан бора оламанми, укам? Қанақа реакция бўлади? Хафа бўласанми? Боре, камерангни йўқот дейсан, тўғрими?
Ҳужжат кўрсатмагансизлар. Этикада олдин рухсат сўраладими? Камерага оламиз деб. Рухсатсиз камерага олишга ҳаққинг борми?».
Гап айланиб, сайт ва Олмазор тумани ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов ўртасидаги можарога келгач, пойтахт раҳбари «эркакча гаплашиш»ни таклиф қилади: «...Битта нарсага келишамиз, эркакча гаплашамиз, майлими? Бу ишни қонун доирасида ҳал қиламиз. Халқни аралаштирмаймиз, сайтга чиқармаймиз. Икки томоннинг ҳаракати ўрганилади. Қонун, суд нима деса шу бўлади. Бунга айб қўйилса шу жазони берамиз. Сан айбдор бўлсанг шу жазо. Фақат халқни аралаштирмаймиз. Суд билан ҳал қиламиз. Розимисан. Ҳеч қаерда ёзмайсан. Агар шу гап орада қоладиган бўлса. Охиригача оборамиз. Аллоҳ олдида сўз бераман, судга тазйиқ ўтказмайман».
Айни таклифдан сўнг ҳоким ўзбек журналистикасини «...эртага йўқ бўлиб кетадиган аҳволда кўришни» хоҳламаслигини, «жиддий компаниялар бўлишини, жаҳонга чиқишини, ўзбекдан чиқишини» орзу қилишини айтади. Сўнг «..енгил-елпи материаллар билан буни (ҳоким ўринбосари) бервормайман. Шунчаки бериб юбормайман. Ўз ходимимни осонлик билан хафа қилдириб қўймайман», деб... таҳдидга ўтади: «...Мен шундай қилишим мумкинки, сизлардан маҳалла воз кечади. Бу қўлимдан келади. Шундай қилишим мумкинки, ота-онанг бош кўтариб юролмай қолади. Мен буни қилишим мумкин. Нима, менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми? Бу жуда осон. Осон. Сўз эркинлиги»!
Фақат ҳоким «қўлидан нималар келиши» айтиб, бунга ҳатто шубҳа йўқлигини таъкид этар экан: «...Лекин мен бундай ифлослик қилмайман. Ота-онам мени бунга ўргатмаган», дейди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев «нутқи»ни қуйидаги гаплар билан тугатган: «Зўр бўлларинг, муаммо йўқ. Мен сенларни кўрганда қучоқлашиб кўришай! Тушунтира олдимми? У ер, бу ерга борганларингда қарсаклар билан, расмга олиб, ҳурмат қилиб сенларни кутиб олишсин, мен ҳурмат қиламан бу нарсаларни. Унинг учун ишлаш керак-да. Яхши ишлаш керак. Хафа бўлмайсанлар. Мени бир дардимни эшитдиларинг, холос-да.
Лекин мен буни (Ваҳобов назарда тутилмоқда - таҳр.) «обидный» қўйиб қўя олмайман, хафа бўлмайсанлар. «До конца» десаларинг, «до конца» борамиз. Мени ишдан олиб ташлагунча олиб борларинг, гап бўлиши мумкин эмас. Фарқи йўқ. Йўқотадиган ҳеч баломиз йўқ. Лекин мен ўз одамимни бериб қўймайман... Балки ёмон ишласа, 3-4 ойдан кейин ҳайдаб юборарман. Лекин ҳозир эмас», деган шаҳар ҳокими.
«Тўлиқ аудио» мазмуни билан таништирилар экан, унга шарҳ ёки муносабат билдирилмаётганини сезган бўлсангиз керак. Зеро, бунга ҳожат ҳам йўқ.
Пировардида, ҳамкасбларимиз учун (наинки улар учун) хавотирли ҳолатлар ҳам йўқ эмаслигига эътибор қаратишни лозим деб билдик.
«Kun.uz» алоҳида таъкид этишича: «...Тўлиқ аудиодан кейин ҳам шаҳар ҳокими томонидан мухбирларга тазйиқ ва таҳдид мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Сайт таҳририятининг шаҳар ҳокимида хусумати йўқ. Лекин адолат таъминланиши учун тегишли органлар ушбу фактга эътибор қаратиши ва муносабат билдиришини кутиб қоламиз».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter