Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди
Шу йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов Жиззах вилояти фаоллари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида қатнашди.
Сессияда Ички ишлар вазири сўзга чиқиб, кейинги вақтда вилоятда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар халқимизнинг турмуш даражасини оширишга ва фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилаётанлиги, бу ўз навбатида вилоятда криминоген вазиятни яхшилаш, шаҳар ва туманларни жиноятлардан ҳоли ҳудудларга айлантириш борасидаги чора-тадбирларнинг самарадорлигини таъминлашга катта ҳисса қўшаётганлигини таъкидлади.
Ўтган даврда вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар ўз натижасини бераётганлиги, аҳоли билан ҳамкорликнинг янги механизми сифатида маҳаллаларда жамоатчилик назорати фаолияти йўлга қўйилганлиги, Жиззах шаҳрида синов тариқасида замонавий ахборот технологиялари асосида «хавфсиз шаҳар» концепцияси ҳамда ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этиш ва бошқаришнинг янги тизимини жорий этиш ишлари бошланганлиги ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар уларнинг ўсиш суратларига мутаносиб равишда, чуқур таҳлилларга асосланган ҳолда олиб борилмаётганлиги, натижада уларнинг сони тобора ошиб, биргина жорий йилнинг биринчи чораги давомида одамлар ўлимига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисалари 29 тага етганлиги кўрсатиб ўтилди.
Сессияда кун тартибидаги ташкилий масала кўриб чиқилди. Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Турсунов Рустам Раҳмонович бошқа ишга ўтказилиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, мазкур лавозимга генерал-майор Қодиров Ғайрат Тоирович тайинланганлиги эълон қилинди.
Сессиядан сўнг вилоят Ички ишлар бошқармасида Вазир бошчилигида бошқарма марказий аппарати ҳамда қуйи тизим раҳбар ва масъул ходимлари учун тезкор йиғилиш ўтказилди. Унда ички ишлар органларига белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, иш кўрсаткичларини яхшилаш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, секторлар ишини самарали ташкил этиш ҳамда бошқа долзарб масалалар бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter