Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инвестиция нафаси етмаган аквариум ёхуд ҳайвонот боғи балиқлари қандай яшайди?

Инвестиция нафаси етмаган аквариум ёхуд ҳайвонот боғи балиқлари қандай яшайди?

Игна билан шунчаки ерда сурат чиза туриб, тупроқ остидан хазина топиб олиш ҳеч гап эмас. Тошкент ҳайвонот боғида балиқларнинг қандай ҳаёт кечираётгани ҳақида бошланган ҳикоя сирли хазинага олиб боргандай гўё.

Биз аномал совуқдан сўнг ҳайвонот боғига ушбу омон қолган балиқларни кўриш, аномал ҳолатдан мутлақо талафотсиз чиққан аквариум ўзи қандай ишлаши ҳақида тушунчага эга бўлиш учун ташриф буюрдик.

Ҳаво ҳали салқин бўлганлиги сабаблими, ҳайвонот боғи у қадар одамлар билан тўла эмас. Ичкарига кираверишда иккинчи павилион аквариумга олиб боради.

Ҳайвонот боғининг янги эгаси ким?

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ЎзВМнинг 2019 йил декабр ойидаги қарорига кўра, «Тошкент ҳайвонот боғи» давлат муассасаси ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан масъулияти чекланган жамият шаклидаги айлантирилиб, «Wildlifе Cаrе» МЧЖга ишончли бошқаришга берилган.

Ишончли бошқарувчи томонидан дастлабки 5 йилда жами 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш таклифи берилган. Бу бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра компания белгиланган тарзда 2021 йилда 2 млн, 2022 йилда 1 млн, 2023 йилда 2 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция олиб кириши белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорида «Тошкент ҳайвонот боғи» давлат муассасасининг амалдаги солиқ режими сақланиб қолиниши ва давлат муассасаси учун 2019 йилда ажратилган маблағлардан кам бўлмаган миқдорда бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилиб борилиши белгиланган. (2017–2019 йилларда ҳайвонот боғи учун бюджетдан 22,7 млрд сўм ажратилган).

Аквариумнинг одатий ҳаёти қандай?

Тошкент ҳайвонот боғи аквариумида 100 дан ортиқ турга мансуб 8 мингдан ортиқ балиқ яшайди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда овқатлантирилади. Аквариум ходимининг айтишича, ҳафтада бир кун «очлик куни» бўлади, яъни балиқлар овқатлантирилмайди. Балиқлар икки гуруҳга бўлинади: чучук сувда яшайдиган ва денгиз сувида яшайдиган. Денгиз суви тайёрлаш учун махсус денгиз тузларидан фойдаланилади. Худди шундай, улар озиқланиши бўйича ҳам икки турга бўлинади: эт билан озиқланадиганлар ва бошқа турдаги озуқаларни истеъмол қиладиганлар.

Бўлимида жами 10 нафар ходим ишлайди. Балиқлар тепа қават, 1-қават ва пастки қўшимча 2 бўлинмадан иборат аквариумларда сақланади. Бўлимда балиқлардан ташқари жами 4 нафар сув тошбақаси ҳам яшайди. Ҳар бир аквариум ортида махсус хоналар бор. Улардан туриб сувдаги ҳолат назорат қилинади, сув тозаланади, ортиқча нарсалар чиқариб олинади, емиш берилади. Бу хоналар қуйидагича кўринишга эга:

Аномал совуқ қандай жиловланди?

Ҳайвонот боғи масъул ходимларидан бири ҳисобланган Ҳаким ака Самиговнинг сўзларига кўра, аномал совуқ даврида балиқларни асраб қолиш осон бўлмади, аммо улар бунинг уддасидан чиқдилар. Аквариумда мавжуд турдаги балиқлар учун энг критик сув ҳарорати +18 даража бўлиб, бунда балиқлар сув тагига тушиб олади, ҳаракатланмай, овқатланмай қўяди. Шу сабабдан ҳам аномал совуқ пайтида ҳайвонот боғи бир ҳафтага ёпилган бўлса, аквариумни 2 ҳафтага ёпишган. Балиқлар учун ҳар бир аквариумга қўшимча иситиш мосламалари ўрнатилган.

Аквариум ходимларидан бири совуқ шароитида ўзи масъул бўлган аквариумлар устини махсус қопламалар билан ҳам ўраб иситишга уринганини таъкидлади.

Аквариум ости дунёси

Аквариумларга декоратив мақсадда махсус тошлар ва денгиз ўтлари жойлаштирилган. Масъул ходимнинг сўзларига кўра, бу тошларнинг ҳақиқийсини олиб келиш жуда қимматга тушади, шу сабабдан сунъийларидан фойдаланилади. Кузатув давомида ташриф буюрувчилар балиқларнинг тош тупураётганига гувоҳ бўлиши ҳам мумкин. Гап шундаки, егулик ҳажми кичкина бўлганлиги боис айрим балиқлар уни тош билан бирга илиб олади ва ўзига керакли озуқани оғиз бўшлиғида сақлаб қолиб, қолганини чиқариб ташлайди.

Аквариумларга турли оилага мансуб балиқлар ҳам жойлаштирилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Ходимларнинг бири қизиқ маълумот билан бўлишди: бир балиқ иккинчисининг оғзига сиғмайдиган катталикда бўлса, уларни бирга жойлаштириш мумкин. Акс ҳолда, кичкина балиқлар катталарига ем бўлиши мумкин.

Аквариумга бевосита ташриф буюриш имкониятига эга бўлмаганлар ҳайвонот боғи веб сайтидаги 3Д тур орқали онлайн саёҳат уюштиришлари мумкин.

Аквариумнинг ер ости қисмида марказий филтр тизими, озуқа омбори ва балиқларни кўпайтиришга ихтисослашган махсус лаборатория мавжуд.

Афсуски, махсус лабораториядан лавҳалар олиш таъқиқланганлигини айтишди. Бу ерда тухум шаклидан бошлаб тирноқ учидек ҳажмда келувчи, ундан каттароқ ҳажмдаги балиқларни учратиш мумкин. Улар катта ҳаётга тайёр ҳолатга келгунча парвариш қилинади ва сўнг юқорига чиқарилади. Ҳа, аквариумнинг саҳна орти ишлари, ҳақиқатан ҳам, қизиқарли.

Балиқлар — дўстлар

Қачонки нимагадир жуда кучли меҳр қўйсангиз, унга зарар етказа олмайсиз дейди аквариум ходимларидан бири. У павилионга раҳбар Одил ака балиқ истеъмол қилмаслигини айтади.

«Сиз фарзандингизни Саваннага олиб бориб, у ернинг ҳайвонот дунёси билан таништира олмайсиз, океан остига олиб тушиб балиқлар дунёсини таништира олмайсиз. Ҳаммада ҳам бу имконият йўқ. Ҳайвонот боғлари, акварим-у океанариумлар айнан шунинг учун керак. Сиз фарзандларингизни бу ерга олиб келасиз, уларни жониворлар билан таништирасиз, дўстлаштирасиз. Шу тариқа болаликдан ҳайвонот оламига муҳаббат пайдо бўлади» дейди Дониёр исмли аквариум жамоаси аъзоси. Айтишича, унинг ўзи ҳам сувости дунёси, хусусан, акулаларга меҳр қўйган. Ҳайвонот боғидаги ягона акулани Дониёрнинг ўзи парваришлайди.

Хушкайфият ташрифчилар

Аквариум ташриф буюрувчиларнинг энг севимли павилионларидан бири саналишини бу ерда бўлиб турганларнинг кайфиятидан ҳам сезиш қийин эмас. Балиқларга масъул ходимнинг таъкидлашича, уларни телефоннинг «вспишка» билан расмга олиш мумкин эмас, боиси бу балиқларнинг кўр бўлиб қолиши билан якунланиши ёки ёруғлик таъсирида қўрқиб кетган балиқ ўзини аквариум ойнасига уриб шикастлаб олиши ҳеч гап эмас.

Айрим турдаги балиқлар учун ташқи ҳавза ҳам ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда ҳаво ҳарорати талабга жавоб бермаганлиги сабабли унда балиқлар йўқ.

Қандай камчиликлар маълум?

Аквариумда ёруғлик хира шаклда ушлаб турилади. Бу ҳам балиқларнинг кўриш тизимини зарарламаслик учун ўйланган. Шу билан бирга, бу ерда бир қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Хусусан, ВМ қарорида кўзда тутилган пунктлар ижроси таъминланмаган. Аквариумларининг аксариятида ҚР кодли маълумотномалар йўқ. Қоғоз шаклидаги маълумот тахталари ҳам ҳаддан ташқари эскириб кетган. Уларда фақат бир хил — рус тилида маълумот берилади. Айрим маълумот тахталарида акс этган балиқ турлари улар ўрнатилган аквариумдаги балиқ тури билан мос келмайди. Вақт ўтиши билан балиқлар ўрни алмашган, тахталар эса шундайлигича қолиб кетган.

Коллективлар ҳайвонот боғидаги экскурсияси учун зоогид ёллаши мумкин, аммо одатий кунларда ташриф буюрувчилар балиқлар ҳақида фақатгина мана шу тахталар орқали маълумот ола оладилар. Масъул ходимнинг сўзларига кўра, 2024 йилда реконструкция ишлари режалаштириляпти.

Хулоса

Ўтган икки йил давомида ҳайвонот боғига киритилиши керак бўлган 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция аквариумни айланиб ўтгандек таассурот уйғотади. Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлардан хабари бор ташриф буюрувчи, табиийки, аквариумнинг бугунги ҳолатидан ҳайратга тушади. Аномал совуқда балиқларнинг сақлаб қолиниши — жуда яхши натижа. Бироқ аквариумда фақат мана шу вазиятда келтирилган иситгичларгина янги, замонавий эканлиги кўзга ташланади.

Пойтахтдаги бошқа бир балиқлар олами — «Маgic City»даги океанариумга кириш ҳамма учун ҳам қулай нархларда эмас. Нархи ҳамёнбоп бўлган, давлат мулки бўлган ва кўп сон аҳоли учун мос келадиган ҳайвонот боғининг аллақачон эскирган янги эгалари ўз ваъдаларининг устидан чиқиб, ҳайвонот боғи, хусусан, аквариум шароитларини замонавийлаштириши, умид қиламизки, ўзини узоқ куттирмайди.

Дилбар Эламанова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг