ИИВдан баёнот бўлгунича Сирдарёда «миссия» адо этилдими?!
Бугун Сирдарёда «Human.uz» сайти мухбирлари ИИБ ходимларининг навбатдаги босимига учрагани ҳақида хабар бергандик.
Сардоба фалокати ортидан уй-жойларидан эвакуация қилинган одамлар билан гаплашиб, шароитлари ҳақида репортаж тайёрлашга киришган журналистлар фаолиятига шу ердаги ички ишлар ходимлари очиқдан-очиқ аралашиб, тасвирчини (камераси билан) олиб кетишганди.
Сайт мухбири Мавжуда Мирзаеванинг айтишича, тасвирчи 10-15 дақиқадан сўнг қўйиб юборилган, бироқ Сирдарё олимпия захиралари коллежида олинган тасвирлар ички ишлар ходимлари томонидан ўчириб юборилган.
«Сирдарё олимпия захиралари коллежига 400 нафарга яқин одам жойлашган экан. Уларнинг кайфияти, шарт-шароитларини билиш, интервьюлар олиш учун кирдик. Яхши интервьюлар олдик, болалар шеърлар айтиб беришди. У ерда хавфсирайдиган бирор иш бўлмади. Биз билан машҳур опера хонандаси Женисбек Пиязов ҳам бор эди. «Қўшиқ айтиб, одамларнинг кайфиятини кўтариб келасиз», деган мақсадда уни ҳам ўзимизга ҳамроҳ қилган эдик. Кейин бизнинг одамлардан бемалол интервьюлар олиб юрганимиз кимгадир ёқмаган кўринади. Маълум бўлишича, Гулистон ҳокими топшириғи билан видеотасвирлар ўчириб юборилган», — дейди Мавжуда Мирзаева.
Сирдарёда журналистлар фаолиятига ИИБ ходимлари очиқдан-очиқ аралашиб, босим ўтказаётгани ҳақида хабар берилганидан кўп ўтмай Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан баёнот бераркан, тизим оммавий ахборот воситалари учун доимо очиқлиги ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик йўқлигини таъкидлаб, «Human.uz» портали журналистлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказилажагини айтганди.
Афтидан, Тошкентдан жимжимадор баёнот янграгунича Сирдарё ИИБ ходимлари ўз зиммасига юклатилган «миссия»ни «шараф билан адо этиб» бўлган кўринади.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter