Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимнинг жавоби аризачиларни қониқтирмади

Ҳокимнинг жавоби аризачиларни қониқтирмади

ёки Ургут туманидаги Бекравот қишлоғида мактаб қуриш масаласи нега ҳал этилмай келинмоқда?

Ўтган йилнинг охирида таҳририятимизга Ургут тумани Бекравот қишлоғида яшовчи бир гуруҳ ота-оналардан шикоят хати келди. Мурожаат билан танишиш давомида шу маълум бўлдики, ушбу хатга имзо чекувчилар фарзандлари учун ўз қишлоқларида мактаб қуриб беришларини сўрашган. Шикоятчилар давлат идоралари билан бир қаторда бизнинг таҳририятга ҳам ушбу масалада бир неча марта мурожаат қилишган экан.

Шикоят хати таҳририят томонидан Ургут тумани ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармасига юборилган, бироқ уларнинг бирортасидан жўяли жавоб олинмаган. Ушбу вазиятга биз журналистлар ҳам лоқайд қараганмиз. Ўз вақтида бонг урмаганмиз.

2017 йилнинг декабрида Самарқанд вилоятига хизмат сафарига борганимда Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев қабулида бўлиб, у билан шикоят хати ҳақида фикрлашгандим. Ҳоким билан мулоқотда қўйилаётган масала тўғри экани, одамлар бир неча йилдан бери қайта-қайта ёзаётгани, бу муаммога ўз вақтида ечим топиш кераклигини билдирган эдим. Шундан сўнг 2017 йил декабрь ойининг охирида таҳририятга туман ҳокими имзоси билан жавоб хати келди. Биз уни айнан келтиришни лозим топдик:

Бир қарасанг ҳаммаси жойида, тушунарли, асосли жавоб хати. Ҳа, бўларкан-ку, чора кўришаётган экан-ку, деб ўйлайсан. Лекин шикоят ёзганлардан бири, меҳнат фахрийси 73 ёшли Саъдулла Рустамов таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, масала ҳал этилмаганлигини, ҳеч ким шикоят хати билан қизиқмаганлигини сансоларлик ҳамон давом этаётганини айтди.

Маълумотларга қараганда, Бекравот қишлоғидан атрофдаги мактабларга қатнаётган болалар сони бугун 500 нафардан ошган. Мактаблар билан қишлоқ ўртасидаги масофа 2-5 километрни ташкил қилади. Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратадиган бўлсак, бошланғич синфларда ўқиётган мурғак болаларни шунча йўл босиб мактабга қатнашининг ўзи қанчалар азоб, уларнинг яқинлари учун таҳлика. Бунинг устига Ургут тоғли ҳудуд бўлса, бу ернинг қиши совуқ ва серёғин кечиши барчага маълум.

Умрининг 40 йилини мактабда ўқитувчиликка бағишлаган, бугун пенсионер бўлса-да, болалар тақдири учун қайғураётган Саъдулла Рустамовнинг, айтишича маҳалла аҳли тўпланган жойда,тўй-маъракаларда гап айланиб мактабга бориб тақалади. Ота-оналар болаларини узоққа қатнаб ўқишидан бутунлай норози. Бобо-бувилар набираларини мактабга олиб бориб қўяётган ҳолатларга ҳам тез-тез дуч келасиз. Бир сўз билан айтганда ҳамма овора.

Бугун мактабларда юқори синфлар очилганини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, муаммо янада катталашади. Лекин мана неча йилдирки, туман, вилоят халқ таълими тизими раҳбарлари ҳам, ҳокимият ҳам сукут сақламоқда. Ўқувчилар ва уларнинг оила аъзолари сарсон саргардон...

Мақолага нуқта қўйишдан олдин яна бир мулоҳаза. Бугунги кунда ­Ургут Самарқанд вилоятида аҳолиси энг кўп туман ҳисобланади. 2016 йил маълумотига кўра, туман аҳолиси 459,674 нафарни ташкил этади. Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва режалаштиришда, давлат дастурига киритишда мазкур омил ҳам ҳисобга олиниши керак деб ўйлаймиз.

Шу ўринда яна бир гап. Бекравот маҳалла аҳли сайлаган, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари нега ушбу муаммони ҳал этиш йўлларини изламаган. Уларга ишонч билдирган одамларнинг муаммосига нега эътибор қаратишмаган?

Биздаги маълумотга қараганда Бекравот қишлоғи жойлашган ҳудуд 2 секторга кирар экан. Ушбу секторга бириктирилган Ургут тумани прокурори Улуғбек Ҳамдамов ҳам муаммони бартараф этиш йўлида бирор чора кўрмаган.

Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев таҳририятга юборган жавоб хатида келгуси йил деганда қайси йилни назарда тутганини билмаймиз-ку, лекин воқеалар ривожи шу таҳлит давом этадиган бўлса, бекравотлик болалар янги ўқув йилида ҳам қўшни қиш­лоқларда жойлашган мактабларга қатнайди. Ота-оналар хавотирланиб болаларини кутади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов яқинда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган брифингда тизимда таълим сифатини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этишда журналистларни ҳамкорлик қилишга чақирди. Балки, мана шу мақоладаги муаммога вазир эътибор қаратса, мактаб қурилиши масаласи ҳал бўлар, деб умид қиламиз.

Фаррух Ҳамроев

«Ўзбекистон овози» газетасидан олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг