Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаёт йўлингиздаги сеҳрли сўзлар

Ҳаёт йўлингиздаги сеҳрли сўзлар

Муваффақиятга эришган кўплаб эркак ва аёлларнинг тасдиқлашича, улар ўзи кучи билан юксак даражага етган эмиш. Аслида эса ҳақиқат шундаки, ҳеч ким баланд чўққиларни бошқаларнинг ёрдамисиз эгаллаши мумкин эмас. Сиз муваффақиятга эришиш йўлида илк қадам босиб, мақсад сари йўл олдингизми, кутилмаган манбалардан ёрдам олаётганингизни пайқаб қоласиз. Ана шунда одамлар томонидан ва илоҳий мадад учун ҳам миннатдорчилик билдиришингиз керак бўлади.

Миннатдорчилик ─ бағоят чиройли сўз бўлиб, ўзида чуқур маънавий маънони жамлаган онг ҳолатидир. У инсон шахсиятига оҳанрабодек мафтункорлик бағишлайди ва Буюк Ақлнинг сеҳрли кучларига эшик очади. Миннатдочилик билдириш қобилияти худди бошқа яхши хислатнинг белгилари каби кундалик одатий масалалар бўлиб, онгнинг ҳолати ҳисобланади. Сиз изҳор этадиган миннатдорчилик самимий бўлмас экан, сўзларингиз пуч, маъносиз ва ясама кўринади. Бу намоён этмоқчи бўлган ҳис-туйғуларингизга ҳам боғлиқ.

Миннатдорчилик, яхшилик қилиш ва эзгулик ─ булар бир-бирига ниҳоятда яқин тушунчалардир. Сиз ўзингизда миннатдорчилик туйғусини онгли равишда ривожлантира бориб, шахсиятингизни янада юксаклик ва эзгулик даражасига етказасиз. Ҳар куни дастурхондаги ва бошқа ноз-неъматлар учун миннатдорчилик билдиринг. Бунинг учун бир неча дақиқани ажратасиз, холс.

Унутманг, миннатдорчилик билдириш, бу ҳам таққослаш билан боғлиқ масала. Сиз шарт-шароитингиз ва ҳаётий воқеаларни солиштиринг: улар қандай бўлиши керак эди? Ана шунда нохуш вазиятлар бундан ҳам бадтар бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз. Сизда бу ҳолат юз бермагани учун миннатдорчилик билдирасиз.

Бизнинг кундалик луғат бойлигимиздаги учта ибора энг кўп ишлатилмоғи керак: «раҳмат», «миннатдорман», «ташаккуримни қабул қилинг». Бу том маънода сеҳрли сўзлардир. Кашфиётчи бўлинг: миннатдорчилигингизни билдиришнинг янги ва ўзига хос усулларини ўйлаб топинг, улар моддий нарсалар бўлиши шарт эмас.

Миннатдорчилик билдириш учун кетган вақт янада юқори баҳоланади ва муносиб мукофотга лойиқ кўрилади.

Сиз ўз миннатдорчилигингизга яратувчанлик хусусиятини беринг. Уни ўзингиз учун ишлашга мажбур қилинг. Айтайлик, миянгизга бир фикр келди. Бошлиғингизга миннатдорчилик билдирмоқчисиз, чунки ишингизни жуда яхши кўрасиз ва сизга имконият яратиб бергани учун шефингизга нимадир демоқчи бўляпсиз. Бундай миннатдорчиликнинг яратувчанлик кучи шундаки, у бошлиғингизни сизга эътибор беришга мажбур этади. Балки бу хизмат пиллапояларидан юқори кўтарилишга олиб келар.

Қанчалик бемаъни жарангламасин, миннатдорчилик юқумлидир. Сизнинг шефингиз унинг ғояларидан «зарарланиши» ва хизматингиз учун миннатдорчилик изҳор этиш йўлларини ахтаришга мажбур бўлади.

Яқин инсонларингизга ҳам доимий равишда миннатдорчилик билдиришни ёддан чиқарманг. Сиз рафиқангиз ва бошқа қариндош-уруғларга, ким бўлмасин, ҳар куни учрашадиган одамларга, балки улар тасаввур этганидан кўра кўпроқ бурчлидирсиз.

Агар миннатдорчилик овоз чиқариб айтилса, ҳаётда янгича куч ва янгича маъно кашф этади. Эҳтимол, оила аъзоларингиз сизга ишонгани учун миннатдордирсиз, бу ҳақда уларга айтиб туринг! Кўрасиз, уйингиз янги ҳаёт руҳи билан лиммо-лим тўлиб кетаётгандек бўлади.

Ёдингизда бўлсин, миннатдорчилик билдириш учун сабаблар ҳамиша мавжуд. Ҳатто мижоз ҳеч нарса сотиб олмасликка қарор қилганида ҳам, сотувчи унга вақтини кетказиб, эшитгани учун миннатдорчилик билдириши керак. Келгуси сафар харидор албатта нимадир сотиб олади.

Миннатдорчилик аслида арзимасдай кўринади, аммо у келажакка пойдевор қўйиш учун бебаҳодир!

Юқоридаги фикрларни ўқиганингиз учун раҳмат! Миннатдорман! Ташаккуримни қабул қилинг!

(Наполеон Хилл китобидан)

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг