Ҳарбийларнинг фарзандларига ОТМга кириш учун тавсиянома бериш бошланди
Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокир Сайфуддинов ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномаларни тантанали равишда топширди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бериб ўтди.
Тадбирда ҳарбий ҳизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Округ ҳисобида жами 63 нафар ҳарбий хизматчининг фарзанди тавсияномага эга бўлди.
Худди шу каби тадбир Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 462-сон қарорига мувофиқ ТОҚҚҚ ҳарбий хизматчиларнинг 114 нафар фарзандига тавсиянома берилди.
Тавсияномалар мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган ҳақиқий хизматни ўтаётган офицерларга, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга – улар фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун бевосита командирларнинг (бошлиқларнинг) тавсияси бўйича берилади.
5 фоизли квота доирасида танлов ўтказилади – ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бир-бирлари билан мусобақалашадилар. Абитуриент тест синовларида қанча кўп балл тўпласа, рейтингда шунча юқори ўринни эгаллайди. Махсус квота бўйича ўринларга қараганда абитуриентлар кўпроқ бўлса, кимдир ўқишга кириш имконини қўлга киритмаслиги мумкин. Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун бюджет ўринлари умумий абитуриентлар учун ажратилган квотадан алоҳида ажратилади.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига давлат гранти асосида танловсиз қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter