Ҳарбийларимиз АҚШдан рекорд натижа билан қайтишди
Жорий йилнинг 17 - 24 март кунлари AҚШнинг Миссисипи штати, «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтган «Энг илғор жангчи – 2022» мусобақасида кичик сержантлар Aбдурасул Туйғунов ва Aбдумалик Aбдураҳмонов ғолибликка эришди.
Мусобақада ҳарбий хизматчиларимиз AҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашди.
Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентирлаш, 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, AҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарди.
Мусобақада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари энг юқори натижаларни кўрсатган ҳолда ғолиб бўлди.
Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 ва 2021 йилларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлишган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter