Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Генерал-майор Пўлат Бобожонов ҳамон Самарқандда. Яна иккита туман ИИБ бошлиғи бўшатилди

Генерал-майор Пўлат Бобожонов ҳамон Самарқандда. Яна иккита туман ИИБ бошлиғи бўшатилди

Фото: «iiv.uz»

Иш фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйилганлиги учун Булунғур тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳакимов Содиқ Абдуҳакимович ҳамда Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳамидов Хайрулло Убайдуллаевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоровнинг ишдан олиниб, ўрнига Фарҳод Жўраевнинг тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойи мобайнида Самарқанд вилоятидаги 495 та маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Содир этилган жиноятлар аввалги йилга нисбатан 1 245 тага ёки 40,2 фоизга, қотиллик 39,5 фоизга, босқинчилик 12,5 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 27,4 фоизга, талончилик 62,5 фоизга, фирибгарлик 49,2 фоизга, ўғирлик 45,0 фоизга, безорилик 72,9 фоизга, автотранспорт воситасини олиб қочиш 33,3 фоизга камайган.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 12,8 фоизга камайган бўлиб, улар иштирокида Булунғур, Нарпай, Нуробод, Тайлоқ ва Қўшработ туманларида биронта ҳам жиноят содир этилмади.

Вазирлик маълумотида вилоятда йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан, вилоятнинг 591 та ёки ҳар иккинчи маҳалласида жиноят содир этилган. Айниқса, Самарқанд шаҳрида 43 та, Пастдарғомда 23 та, Ургутда 14 та, Иштихон ва Пайариқда 13 тадан маҳаллаларда жиноятлар содир этилиши кўпайган.

Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Президент Девони, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан вилоят ички ишлар органларининг жорий фаолияти қанчалик тўғри ташкил этилганлигига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари бошланди.

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоятнинг Самарқанд, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Иштихон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бўлиб, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган нуқсон ва камчиликларнинг туб сабабларини атрофлича ўрганди.

Ўрганишлар натижалари шу куннинг ўзида ҳар бир туман ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида атрофлича ва танқидий муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгуси фаолиятда йўл қўймаслик юзасидан аниқ муддатлар кўрсатилган вазифалар ҳамда ижроси учун масъуллар белгиланди.

Самарқанд вилоятида ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган ўрганиш давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг