«Ғалаба» маҳалласидаги ер ўйинида ким мағлуб, ким ғолиб?
Янгийўл тумани, «Ғалаба» МФЙ 4-тор кўча аҳолисидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Биз вазиятни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида аҳоли орасида бўлдик. Бизгача аҳоли 7 марта виртуал қабулхона – порталга, ҳокимликка, Кадастр агентлигининг вилоят бошқармасига ва бошқа идораларга мурожаат қилиб ариза ёзишган.
– Бу маҳалла 1981 йили ташкил топган. Ўша йили қурилган уйлар ўртасида мана шу олти сотихча жой болалар майдончаси сифатида қолдирилган. Биз бу ерни тозалаб турамиз, дарахтлар экканмиз, турли байрамларда йиғиламиз, Наврўзда шу ерда йиғилиб сумалак қиламиз, – дейди шу маҳаллалик Мурод Алимқулов. – Дарвозаларимиз олдидан кўриб турганингиздек машиналар ўтиб туради. Мана шу майдонча эса болалар учун хавфсиз. 2022 йил ноябрь ойида бир тадбиркор келиб бу ерни аукцион ўйинида ютиб олганини, энди ишлаб чиқариш цехи очмоқчилигини айтиб қолди. Гап шундаки, бу ер 2020 йил ёпиқ аукционга қўйилган экан. Сотиб олган одам 6 ой, яна бир баённомада 8 ой давомида қуриб битказиши шарт бўлган. Аммо биз бу ернинг сотилганини ўтган йили, яъни икки йилдан сўнг билаяпмиз. Наҳотки, бундай ўйинлар маҳалла одамларидан бир оғиз сўроқсиз ўтказилаверса?
Тадбиркор Дилшод Тиллабоев: – Ёпиқ аукцион ўйинида 2020 йил август ойида бу ерни ютиб олганмиз – 28 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаганмиз, лекин карантин сабаб қурилиш ишларини тўхтатиб қўйгандик. Бу ерда аслида новвойхона, чойхона қурмоқчи эдим. Аҳоли норози бўлгач болалар боғчаси ва ёнига болалар майдончаси қураман десам ҳам барибир рози бўлишмаяпти. Маблағим тайёр, усталар тайёр, лекин халқ норози. Мен бу ерни ўзидан ўзи сотиб олмаганман, қонунан сотиб олганман, 7 млн. сўм солиқ ҳам тўлаганман. Агар ноқонуний бўлса, солиқ тўлатмайдию. Орада соғлиғим тўғри келмади ва аҳолининг норозилиги қурилишни бошлашимга тўсқинлик қилди. Масъуллар карантин сабабли қурилишни тўхтатганимни кўришган ва муддатни чўзиб беришган, яъни ижобий ҳал бўлган.
Ахрор Рустамов, ҳоким ёрдамчиси: – Аҳолининг бу ерда қурилишга қаршилигидан хабар топиб ишни ўрганишни бошладик. Бошида рози бўлишувди, кейин орадан ҳеч қанча ўтмай улар бу ерни ҳеч ким сотиб олишга ҳақи йўқлигини, агар бирор ишлаб чиқариш биноси қуриладиган бўлса йўл янада торайишини, аҳолига бир қанча ноқулайликлар туғдиришини айтмоқда. Тадбиркор цикув цехими ё болалар боғчасиними қуришни мўлжаллаяпти.
Жаҳонгир Аҳмедов, ҳоким ўринбосари, савдо-саноат бўлими бошлиғи: – Тадбиркор бу ерни қонуний ютиб олган, мана ҳужжатларида кўриниб турибди. Биз энди бу ерда бино қуриш мумкинми йўқми, ўрганиб чиқамиз.
«Аҳолининг норозилигини кўриб тадбиркор 100 млн. сўм пулимни қайтариб беринглар, дейди. Биз нега қайтариб берамиз. Биз сотиб, биз пулини олмаган бўлсак. Ўйин ҳалол ўтган бўлса, нега кечаси келиб қозиқ қоқишади, қум шағал-тўкиб кетишади. Нега биз экиб катта қилган дарахтларни кесиб ташлашмоқчи, биз қаршилик қилсак жаримасини тўлайман қанча бўлсаям, деб гап бермайди», – дейди маҳалла фуқароларидан бири...
Хуллас, бу ер аукцион ўйинида ким ғолиб, ким мағлуб бўлади, бизга ҳозирча номаълум. Аҳоли мана шундай саволларга жавоб қидираяпти: «Аукцион ўйин 2020 йил август ойида карантин юмшатилгандан сўнг ўтказилган. Агар юмшатилмаган эди, десак карантин пайтида аукцион ўтказиш мумкинмиди? Аукционда қатнашган ва ғолиб бўлган қурилишни тугаллаши учун 6-8 ой муҳлат берилган. Карантин, соғлиқни сабаб қилиб кўрсатаяпти. Сабаб асоссиз эмасми? Аҳоли 2020 ва 2021 йиллар бу ернинг сотилганидан бехабар бўлган, яъни аҳоли жорий йил бу ернинг сотилганини биляпти ва норози бўляпти. Тадбиркор эса аҳоли аввалдан норози эди, шунинг учун қурилишни қилолмадим, деган важни илгари сураяпти, ушбу сабаб қанчалик ўринли? 400.000.000 сўм маблағ инвестиция киритилиши керак эди, киритилдими?
Тадбиркорнинг ушлаб олган гапи: «аҳоли норози бўлса бўлаверсин, мен қонунан ютганман...»
Аҳолининг фикри: «Йўли тор ҳудудда ҳеч нарса қуриб бўлмайди, канализация йўқ ердан боғча қуришнинг имкони йўқ, агар ишлаб чиқариш цехи қурилса аҳоли уйларига жуда яқин жойлашгани учун ноқулайлик туғдиради...»
Энди икки томон – аҳоли ва тадбиркор бу чигал ишни фақатгина суд ҳал қилишидан умидвор.
Маълумот учун: Бу маҳаллада худди шундай аукцион ўйинда ютилган, аҳоли норозилиги сабабли сотилаётган ёки чала қурилиши билан қолиб кетган яна аросатдаги ерлар иккита экан. Уларнинг ҳам муаммоси худди шундай — аҳоли ўзларига яқин жойларда цех ёки шунга ўхшаш ишлаб чиқариш корхоналари қурилишини қўллаб-қувватламайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter