Фуқаролик учун тил билиш: бу биз учун нега аҳамиятли?
У пайтларда талаба эдик.
Ижара квартирада турар, ўқишдан бўш вақт бўлганда озроқ бўлса ҳам пул топиш илинжида у-бу ишларни қилиб юрардик.
Биз билан яшайдиган ёши каттароқ акамиз бир куни янгилик топиб келди. Айтишича, кўплаб касб эгаларини Корея Республикасига ишга олиб кетишаётганмиш. Таниш-билишларнинг баъзилари бу хабарни эшитиб, хурсанд бўлишди. Лекин бу жараёнда ишга уста бўлишдан ташқари корейс тилини ҳам билиш шарт эканлигини билишгач, бўшашиб қолишди. Ахир, уларнинг ҳеч бири корейс тили тугул рус ёки инглиз тилини тахминан икки баҳога биларди.
Демак, Кореяга кетишнинг иложи йўқ.
Уддабуронлар бунинг ҳам йўлини топишди. Кореяга ишга юборадиган ташкилот қошида корейс тилини ўргатувчи марказ фаолияти йўлга қўйилди. Бир ой давомида бир дунё пул эвазига ўқийсиз, кейин имтиҳон ўтказилади, имтиҳондан етарлича балл тўплай олсангиз, хорижга кетиш имкониятини қўлга киритасиз. Баъзилар ўқиди, кимдир ўтди, кимдир ўтолмай, курс учун тўлаган пулига куйиб қолаверди.
Ишга кетиш истагида бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бир ой давомида ўтказиладиган ўқув курсларида хорижий тилни ўзлаштира олмас, шунинг учун ҳам гарчи ўз ишининг устаси бўлса-да, тилни яхши ўзлаштира олмаганлиги учун бу имкониятни қўлдан чиқарарди.
Ана шундай пайтда баъзилар ўксинар, бизнинг Она тилимиз ҳам жаҳон тилларидан бири эмаслигидан нолир, ёшлигида қайсидир хорижий тилни чуқурроқ ўрганмаганлигидан афсусланарди.
Тил масаласида кейинги бир неча ой ичида кўтарилган масалалар, ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш борасида амалга оширилган ишлар, бунга нисбатан билдирилган фикрлар, кўрсатилган қаршиликлар ҳақида яна бир марта эслатишнинг, янаям аниқроғи эслашнинг ҳожати бўлмаса керак...
Бундан олти ой аввал чет давлат фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш бўйича “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш киритиш юзасидан таклифлар кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилганди.
Муҳокама ўз номи билан муҳокама. Унда ҳамма ўзи билгандек фикр билдириши, ўз таклифини киритиши мумкин. Шунинг учун кўпчилик ўз таклифини киритди. Қонун ижодкорлари эса бу таклифларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, уларнинг маъқулларини қабул қилишди ёки аксинча рад этишди.
Мана, ўша муҳокамаларга ҳам олти ой бирпасда ўтиб кетибди. 2020 йил 15 сентябрдан бошлаб “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Қонун 2020 йил 13 март куни имзоланган ва орадан 6 ой ўтгач кучга кириши белгиланган эди.
Мазкур Қонуннинг 19-моддасига Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида ариза топширган шахснинг давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши ҳам киритиди. Ушбу моддага асосан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамаси ҳам жуда кўплаб тортишувларга сабаб бўлди.
Низомга кўра, давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги малака сертификатини бериш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Давлат тилини билиш даражасини аниқлашга тайёргарлик кўриш, тест материалларини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан шакллантириладиган ишчи гуруҳ ариза топширган шахснинг нутқий, лингвистик, матнни тушуниш компетенцияларига эътибор қаратади.
Муҳокамалар давомида кимдир бу талаблар керагидан ортиқча деса, яна кимдир айни муддао, деган фикрларни билдирди. Хуллас, нима бўлганда ҳам Қонун кучга кирди. Унда белгиланган меъёрлар бугундан бошлаб амалиётга татбиқ этила бошланди.
Бир сўз билан айтганда, бугундан бошлаб Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун давлат тилини билиш шарт бўлади.
Бундан кўзланган асосий мақсад она тилимизни ривожлантириш бу борада энг муҳим йўналиш бўлиб қолади.
Нурулла Абдуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter