Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фронтдан мактублар – «Уч йилда ҳам боришимиз аниқ эмас...», «Ҳозирча совуқ -20...-25 градус ўртаси»

Фронтдан мактублар – «Уч йилда ҳам боришимиз аниқ эмас...», «Ҳозирча совуқ -20...-25 градус ўртаси»

Иккинчи жаҳон уруши одамлар ҳаётига, ўй-фикрлари ва кундалик турмушига қандай таъсир қилганини фронтдан келган хатлар орқали ҳам ҳис қилиш мумкин.

Фронтдан келган ўзбек тилидаги хатлар уч хил алифбода – кирилл, лотин ва ўзбек тилининг араб алифбосида ёзилган. Кирилл ва лотин алифболари аралаштириб ёзилган хатлар ҳам кўп. Қўлёзмаларнинг айримлари хотиржамликда чиройли дастхат билан ёзилган бўлса, баъзилари шошиб битилгани сезилади.

Фронтдаги аскарлар оила аъзоларининг турмуши, фарзандалари ҳақида қайғуришган. Улар орасида болаларининг яхши ўқишини узоқдан туриб бўлса ҳам рағбатлантираётганлар бор.

Аскарлар ўзлари ҳақида газеталарга ҳам хат ёзишган, ҳатто шеърлар ижод қилиб йўлланган мактублар кўп. Ўша вақтда хатлар қаттиқ цензура қилингани учун нашриётларга йўлланган мактубларнинг кўпида бир хил руҳ сезилади.

«Xabar.uz» Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хатларидан намуналар тақдим этмоқда.

«Болаларимдан бохабар бўлинглар... »

Севикли қора кўзларга салом.

Мен Қизил армия сафида соғ ва омон хизмат қилиб юрибман. Сизлар-чи, соғ-омонмисизлар, яратган Худойимдан тилайман – кеча ва кундуз соғ-омон бўлинглар, дуода бўлинглар, аскарларни унутманглар, тез-тез хат ёзиб туринглар.

Онажон, мен сизнинг номингизга 24/XII ойида почта билан хат юбордим, шуни олганигиздан кейин менга хат ёзинг.

Яна хат юбораман, мендан ҳамма дўст ва қариндошларга салом айтинглар, тез-тез хат кутаман, меҳрибон онажоним, укажонимнинг ишларидан бохабар бўлиб, ишига ҳушёр бўлинг, болаларимдан бохабар бўлинглар ёки акамнинг уйларига хат ёзиб юборинглар.

Салом билан /имзо/ Содиқов Ж.

 

 ***

«Магазинларга қачон борсангиз нон, емиш топилади...»

Соғлиқ салом хати!

Салом етиб маълум бўлсинким, мен яхши кўрган жиянингиз, Иброҳимов Ф. томонидан сиз холажоним Абдиевага, дадажоним ва онажонимга ўткир ва қизғин салом бўлсин. Укажонларимизнинг ҳаммасига салом бўлсин. Мендан хат бормагани учун хафа бўлиб юрганларингизни билиб, ушбу хатни ёзишга мажбур бўлдим.

Бизлар 31 мартда Новоград-Валинск шаҳридан бир кеча ўзимиз ҳам билмай қолиб, вагонга миниб жўнаб қолдик, шундай қилиб бир неча суткадан кейин Винница деган шаҳарга келиб қолипмиз. Бу ерда бизларни ва бошқа жойдан келган аскарлардан, 200 га яқин киши, полковой школага олди, шуларнинг ичида биз ҳам бор. Бизларга точни адрес бермагани учун мен сизларга ҳам ёзиб ўтирмадим, бу учун хафа бўлманглар.

Энди мени аҳволимдан сўрасангиз ёмон эмас. Бу жой Новоградга қараганда анча яхши эканлиги аниқ бўлди. Магазинларга қачон борсангиз нон, емиш нарсалардан топилади, ишлар яхши.

Фақат озгина бизларни 2 йилда боришимиз 1 йилга ортди, 3 йилда ҳам аниқ эмаслиги турган гап. Полковой школани сентябрь ойида тамом қилиб, ишга чиқиб кетамиз. Ҳозир дарслар жуда қийин бошқаларга қараганда ... жуда қаттиқ … бормоқда. Командир боласизлар деб ҳар кун 3 соат кундалик занятидан занятие ўтади. Соғ бўлсак бир кун кўришиб қолармиз. Бу учун хафа бўлиб юрманглар.

Файзулла Иброҳимов. 12 апрель, 1941 йил.

***

«Опа, расмингизни юборинг, сизни соғинаман»

Мен ўғлингиз Нурматдан сиз меҳрибон опамга кўпдан-кўп салом бўлсин. Ҳалима синглимга салом бўлсин. Тозагул синглимга салом бўлсин. Кенжавой, қаробой укамизга кўпдан-кўп салом бўлсин ва бошқа мени сўровчиларга салом айтинг.

Қадрли ва қимматли опа, менинг вақтим хуш, жоним соғ, ўйнаб кулиб Беларуссияда дам олишда ҳозир ҳам турамиз. Мени ўзингиз кўргандагидан ҳам вақтим хуш. Опа, менга аҳволларингиздан хат ёзинг ва шу хатни олишингиз билан менга ўзингизнинг ва укамларнинг расмини, барингиз бирга расмга тушиб юборинг. Опа, мен сиз юборган бир дона Раҳима опам билан тушган расмингизни ҳозир ҳам сақлаб юрибман. Опа, қандай бўлса-да расмингизни юборинг, сизни соғинаман. Опа, мен Раҳима опамлардан ҳозир тез-тез хат олиб турибман, шунунг учун сизлар ҳам тез-тез хат ёзиб туринг. Хўпми, деб ёзувчи,

Нурмат Сапаев. /имзо/ 1 октябрь 1944 йил.

***

«Бурҳон, яхши ўқиганлигингни назарга олиб, сени юз сўм пул билан мукофот қиламан»

 Саломдан сўнг мен ўзимнинг бу томонда соғ ва саломат бўлиб, хизмат этиб юрганлигимни сизларга билдириб туриб, сизларнинг ҳам Самарқанд шаҳрида соғ ва саломат бўлиб ишлаб, ўйнаб кулиб юришларингизни ҳозирги оғир кунларнинг бирида тилаб юрмоқдаман.

Беш ойдан бери хат олмасдан юриб, 27 октябрда ёзган хатларингизни 13 ноябрда, бирданига сизлардан хат олиб шундай хурсанд бўлдимки, ҳе... энди ҳеч қўяверинглар, гўёки бошим осмонга етди.

Энди биронталарингизнинг келишларингизни тўғрисида бўлса, ўйлаб туриб, бир оз чатоқроқ топдим. Чунки биринчидан, бу ерга келгандан кейин ҳаммадан асосийси овқат топишнинг ўзи бир мушкул иш, яъни ҳатто картошка, карам книжкага берилади ҳали нон у ёқда турсин. Иккинчидан, «Худо билади», бу ерга келганларингизча мен бу ердан кетиб қоламанми юқорига қараб. Учинчидан, бир кунда борадиган йўлни поезд шу кунлар уч кун юради.

Шунинг учун ҳам сизлар ҳам бу масалани яна бир ўйлаб кўринглару, агар жуда ҳам келмоқчи бўлсанглар 10–15 кунлик овқат олиб келмасанглар, иш чатоқ. Уруш бошланмагандан бурун шу станцияга Самарқанддан 2–2,5 кунда келиш мумкин эди. Ҳозир энг ками 6 кунда келса бўлади, бўлмаса 8 кун.

Бу сонларни кўриб, келадиган бўлсалар ҳам энди келмайдиган ҳам бўларлар. Келинглар, шуниси тўғри, қўйинглар шу фойдасиз ташвишларни. Умримиз узоқ бўлса, соғ ва саломат бўлсак яқин орада бир-бирларимизни кўриб кетармиз.
Энди об-ҳаво тўғрисида бўлса, бу ерлар ҳам Москва томон совуқларидан қолмайди. 25 октябрдан бошлаб қор ёға бошлади. Ҳозирча совуқ -20...-25 градус ўртасида турибди.

Бурҳон! Мен сенинг яхши ўқиганлигингни ҳам, ўқишда ҳамма жиянларимдан ўтганлигингни назарга олиб туриб, сени юз сўм пул билан мукофот қиламан ва яна ҳам ўқишингни аъло даражада давом эттиришингни тилайман. Мен 13 ноябрда уйимизга алоҳида беш юз сўм юборган эдим. Энди ўша пул бориб етса, онамиз олдиларига борсанг, сенинг юз сўмингни берадилар. Мен Бурҳонга юз сўмни берсинлар деб телеграммага ёзган едим. Шунинг билан сўзим тамом.

Агар тайёр суратларингиз бўлса, шу хатнинг жавоби билан бирга юборишларингизни сўрайман.

Катта-кичик ҳаммаларингизга кўпдан-кўп салом билан ҳарбий учувчи Наби. Жавобингизни кутиб қоламан, кўришгунча хайр.

16 ноябрь 1941 йил.

 

***

«Фронтдан салом!»

Ассалому алайкум қадрли зиёлилар, колхозчилар, ишчилар, ака-сингиллар!

Мен, сиз фронт ортида хизмат қилувчиларга мурожаат қиламан.

Биз фронтда бўлиб турган шахсий таркиб турли миллат ўғлонлари ўз Ватанимизнинг ҳар бир раёни, шаҳри ва аҳоли пунктларини немис босқинчиларидан озод қилаяпмиз. Бизнинг бўлимимиз бир кунда 4 та душман самолётини уриб туширди. Бу қисқа жангларда душман ўзининг битта «Юнкер-87»ни йўқотди. Бизнинг ҳисобимизда 17 та урилган ва 2 та уриб туширилган самолёт бор. Кеча қисмимиз офицер-сержантлар ва жангчилар умумий йиғилишида ушбу сонни 5 ва 40 тага кўпайтиришимизни келишиб олдик.

Олиб борилган жангларда намуна кўрсатган қисмимизнинг 9 нафар жангчиси Совет Иттифогининг орден ва медаллари билан тақдирландилар. Сиз ҳам фронт ортида хизмат қилаётган стахановчи ака-сингилларимиз ўзларингизнинг ютуқларингиз ҳақида ва фронтга қандай ёрдам қилаётганлигингиз ҳақида бизга ёзиб юборинг. Сиз раҳбаримизнинг 309-буйруғини қандай бажараётганлигингиз ҳақида ҳам ёзинг.

Сизга жанговар салом билан

Муҳитдинов Михаил Саидович,

жавобини кутамиз.

3 ноябр, 1944 йил.

***

«Шеъримни газетага бостирсангиз...»

Унутилмас Ўзбекистонимнинг «Қизил Ўзбекистон»имнинг босмахонасига ёзаман. Қадрли редактор! Сиздан илтимос қилиб сўрайманки, менинг ушбу шеъримни «Қизил Ўзбекистон» газетасининг бирон жойидан жой бериб бостирсангиз, ўртоқларим ва дўстларим ўқисинлар.

Эй гўзал водий, гўзал жой ...

Менга атаб гуллар терардинг.

Она каби алла сен автиб

Қуёш бўлиб мени ўпардинг.

Мана бугун жангга юбординг

Жанг қил дединг, ёвни қир дединг,

Одамзоднинг одамхўрини

Сен йўқ қилиб, тезроқ қайт дединг.

Мени кутар чаманзор боғлар,

Мени кутар гўзал табиат.

Мени кутар меҳрибон она

Мени кутар кўп таниш хона.

Сен ҳам мени кутарсан қўзим,

Сени дедим кўнгилдан ўзим.

Бугун ёвга отланди кўзим,

Бир қилишга сен билан тузим.

Гвардиячи қизил аскар Нуруллаев Хайрулла

29 декабр, 1942 йилда ёзилган

Сиздан яна илтимосим шу, ўша газетадан шу шеър ёзилган жойни йиртиб менга юборсангиз. Чунки, мен шеъримни ва ёзувимни яхшилаб текширолмадим. Аскарнинг госпиталда қандай ётишини ўзингиз биласиз.

Хайр, соғ бўлингиз, деб гвардиячи қизил аскар Нуруллаев Хайрулла

Менинг адресим: Москва 40, Болница им Д-ра Боткина 2-етаи, 148-палатка, Нуруллаев деб ёзингиз.

***

«Буларнинг барчасини уруш даврида талон-тарож қилишган...»

Совет Иттифоқи қаҳрамони Голубенко А.А. – ота-онасига Германиядан Салом!

Ассалому алайкум отажон ва онажон. Мен тирик ва соғ-саломатман ва Сизга ҳам шуни тилайман. Айни дамда мен немислар ерида Берлиндан узоқ бўлмаган жойдаман. Яшашимиз, овқатланишимиз яхши. Немислар бу ерда ўз жиҳозларини ташлаб кетишган, биз хоналаримизни ажойиб жиҳозлаб яшамоқдамиз. Қанақа нарсалар йўқ дейсиз бу ерда, буларнинг барчаси Россиядан, Голландиядан, Франсиядан уруш даврида талон-торож қилинган нарсалардир. Бу ерда об-ҳаво илиқ. Марисия, Инусия холаларга, Рукиновага, Васяга, Нюрага ва бошқаларга салом айтинг.

Салом билан гаттиқ ўпиб қолувчи Алёша.

1945 йил, 29 март.

 «Ўзархив» агентлиги матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг