Филиппинда кучли тўфон. Ҳалок бўлганлар сони ошмоқда
Жума куни Филиппин жанубидаги Минданао оролида юз берган Тамбин тропик тўфони оқибатида 133 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, шанба куни бедарак йўқолган бир неча ўн кишини қидирув ишлари давом эттирилди. Бу ҳақда «Евронюс» хабар бермоқда.
Ҳалок бўлганлар сони ўсишдан тўхтамаяпти. Шанба куни полиция оролдаги Салог дарёсидан яна 36 кишининг жасади топилганини маълум қилди. Юз берган тўфон сув тошқинлари келтириб чиқарган ва ернинг лойқаланишига сабаб бўлган.
Сапад шаҳри полиция расмийси Рандо Салвасион АФПга берган маълумотларга қараганда, Салог дарёсидан топилган жасадлар дарёнинг юқори оқимида жойлашган Салвадор шаҳридан оқиб келган. Маҳаллий расмийларнинг маълумот беришича, яна 17 жасад дарёнинг юқори оқимидан топилган. Салвадор ва Сапад шаҳарлари Минданао оролининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Ланао дел Норте провинциясига қарайди.
Ҳар йили Филиппинда 20 га яқин тўфон ва пўртаналар юз беради, аммо 20 миллион аҳолига эга жанубдаги Минданаода эса одатда бундай бўлмайди. Ушбу тўфон натижасида 12000 киши ўз тураржойини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Полиция маълумотларига кўра, 19 нафар киши Тубод шаҳри яқинидаги Далама тоғли қишлоғида фожиали ўлим топган.
Филиппин метереология хизмати хабар қилишича, тропик тўфон шанба кунининг охирида Минданао ғарбида жойлашган Палаван оролига бориб урилиши керак. Тамбин тўфонидан бир ҳафтача олдин Филиппин марказида 54 кишининг ўлимига сабаб бўлган Каи-Так тўфони юз берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter