Фарзандингиз учун тикилган сармоя ўзини қачон оқлайди?
«Одамлар шу бугун яхши яшаши керак, эртани кутиб эмас».
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 июлдаги «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган амалдаги тариф коэффициентларига биноан 2017 йил 1 декабрдан бошлаб қўлланадиган тариф ставкалари миқдори 1-разряд учун 426 466 сўм, энг юқори – 22-разряд учун 1 763 738 сўм қилиб белгиланган.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда айни дамда 18,5 миллион нафар (ўрта ва олий) маълумотли кадр мавжуд. Мазкур тариф ставкалари худди ўша кадрлар: вазирликлар, идоралар, бюджет ташкилотлари ходимлари учун амал қилади. Бу барча ташкилот ва муассасалар учун тавсиявий характерга эга бўлгани ҳолда ҳеч ким бу миқдорлардан узоқлашиб кетмайди.
Айни пайтда меҳнатимиз эвазига тўланаётган тариф коэффиценти миқдорини инобатга олган ҳолда, келинг, дўппини бир четга қўйиб, оддий ҳаётий мисоллар асосида мулоҳаза қилиб кўрамиз.
Фарзандларимизнинг порлоқ келажаги учун ҳар қандай муаммони ҳал қилишга тайёрмиз. Бизни бежиз болажон халқ дейишмайди. Мен болаларимиз учун боғча, мактаб, ўрта-махсус таълим жараёнида сарфлайдиган маблағимизга тўхталмайман.
Бугун фарзандимиз олий ўқув юртига кириши учун албатта репетитор ёрдамига муҳтож. Аввало, мактаб таълими етарли эмас, бу кундай равшан. Қолаверса, олий ўқув юртига кириш учун тест саволларининг аксарияти ўрта мактаб материаллари асосида тайёрланмаган. Биргина математика фани мисолида кўрадиган бўлсак, мактабда Сканавининг масалалар тўплами ўргатилмайди. Имтиҳон саволлари эса асосан ўша тўплам асосида тузилган.
Энди иқтисод йўналишида олий маълумот олишни истаган фарзандимиз учун лозим бўлган харажатларни чўтга ташлаб кўрамиз. Математика — 250 минг сўм, физика — 250 минг сўм, чет тили — 250 минг сўм, ўзбек тили — 250 минг сўм, жами – 1 миллион сўм. Боламиз ўқишга қатнаши учун ойлик йўл чиптаси керак – 60 минг сўм. Тушлик харажатлари (26 кун х 10 минг, агар шу пулга тушлик қилиб бўлса) 260 минг сўм. Демак, биргина фарзандимизнинг тайёрлов даври эҳтиёжлари учун бир ойда ўртача 1 260 000 сўм сарфлашимиз зарур бўлади.
Репетиторда тайёрланган фарзандимиз олий ўқув юртига контракт асосида ўқишга кирса-чи? Тўрт йилда контракт пули ўртача 10 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм. Магистратурада ўқиши учун 20 миллион сўм. Демак, умумий ҳисобда 60 миллион сўм сарфлаймиз.
Фарзандимиз магистр даражасини олди. Энди уни давлат ташкилотига ишга жойлаштириш керак. Бу жараённинг ҳам ўз процедураси бор, яхши биласиз. Хўп, етакчи мутахассис бўлиб ишга кирди. Унинг ойлик маоши 9-разряд билан 860 683 сўм бўлади. Қўлига ўртача 700 минг сўм олади. Мана бизнинг шунча елиб-югурганимиз ва сарфлаганимизнинг самараси.
Агар фарзандларимиз икки ва ундан кўп бўлса-чи? Унда юқоридаги суммани фарзандларимиз сонига кўпайтирамиз. Бу уларнинг кийим-кечак ва бошқа эҳтиёжларидан ташқари харажатлар. Энди бир оила аъзолари, камида 4 кишининг эҳтиёжларини пулга чақадиган бўлсак, 4-5 миллион сўмдан кам эмас.
Бизнинг эҳтиёжларимиз билан иш ҳақимиз ўртасидаги фарқ кундан кунга ошиб бормоқда. Бунинг сабаблариниям тушуниш қийин эмас. Йилига бир ёки икки марта иш ҳақи 10-15 фоиз ошгани ҳолда бошқа истеъмол моллари нархи камида 20-30 фоиз ошади. Уй-жой қуриш, таъмирлаш, автомобил сотиб олиш каби эҳтиёжларимиз ҳам четда қолиб кетмаслиги керак.
Яқинда «Ёшлар» телерадиоканали орқали Ёшлар иттифоқи фаоллари иштирокида давра суҳбати намойиш қилинди. Фаоллардан бири: «Бугунги ёшларимиз сабрсиз, ўзларининг иш жойларини ташлаб кетмоқдалар. Озгина сабр қилсалар, ҳаммаси яхши бўлади...», — деди. Тўғри, сабр қилсак, ҳаммаси яхши бўлади. Бу — бизнинг тарбиямиз, эътиқодимиз. Лекини бор. Агар бир инсон рисоладагидай яшаши учун умрининг 11 йилини мактабда, 6 йилини университетда, жами 17 йилини илм олиш ва яхши мутахассис бўлиш учун сарфлаган бўлса-ю, ишга кирганда олган ойлик маоши билан ўзини таъминлай олмаса, «бошқача йўл» излашга мажбур бўладими? Бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев иш ҳақларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Бироқ Ягона тариф сеткаси учун масъул бўлган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳалигача аниқ таклиф бергани йўқ. Балки таклиф тайёрланаётгандир, билмадим.
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида «Илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим»лиги тўғрисида кўрсатма берди. Шундан келиб чиқиб «истеъмол саватчаси»ни шакллантириш учун мутахассисларимиз, айтайлик, шифокорларимиз биз соғлом яшашимиз учун етарли бўлган таомлар рўйхатини шакллантириб берса, маиший эҳтиёжларимиз учун ҳам таклифлар билдирилса, иқтисодчиларимиз билан биргаликда бугунги кун нархларида бир киши ёки бир оила учун зарур бўлган миқдорнинг сўмдаги қийматини тасдиқлаб олсак, Ягона тариф сеткаси ҳам юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қайтадан белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳамза САРИЕВ,
иқтисодчи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter