ФАО Марказий Осиёда чигирткаларга қарши биопестицидлар билан курашишни қўллаб-қувватлайди
Ҳар йили Марказий Осиё мамлакатларида чигиртка босқини содир бўлиши оқибатида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид юзага келади. Шу боис, 25-29 апрель кунлари ФАО томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида биопестицидларнинг кўргазмали синовдан ўтказилиши бу борадаги муҳим қадам бўлди. Тадбир «Кавказ ва Марказий Осиёда чигирткалар устидан миллий ва минтақавий назоратни такомиллаштириш бўйича ФАО дастури» доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар кўмагида ташкил этилди.
Йирик халқаро тадбир Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида чигирткаларни назорат қилиш учун биопестицидлардан кенг фойдаланишни амалиётга жорий этишга қаратилган. Бу ҳар йили ўртача 4 миллион 200 минг гектар майдонда чигирткага қарши ишлов бериладиган минтақадир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, кимёвий пестицидлар заҳар ҳисобланади. Улардан тўғри фойдаланган тақдирда ҳам, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавф мавжуд. Кимёвий пестицидларнинг қўлланилиши натижасида экотизимлар ҳаёти учун зарур бўлган бошқа ҳашаротларнинг ҳам бир текис қирилиб кетиши уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишини яна бир бор исботлайди. Пестицидлар, шунингдек, тупроқ, ўсимлик, ҳаво ва сувни ҳам ифлослантириши мумкин. Шунинг учун ҳам биопестицидлар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда асосий рол ўйнайди.
Тадбир дастури доирасида мутахассислар Жиззах вилояти далаларига ташриф буюришди. Беш кунлик намойиш синовлари марокаш чигирткалари личинкаларига қарши Metarhizium acridum (Новакрид) ва Beauveria bassiana (Яшил тўсиқ) замбуруғлари асосидаги иккита биопестицидни қўллашни ўз ичига олди. Шу билан биргаликда, бунда чигирткаларнинг ўлими ва бошқа организмларга таъсири баҳоланди.
8-10 кун олдин ҳам ўтказилган намойиш синов туфайли биопестицидларнинг мақсадли бўлмаган организмларга таъсирини аниқлаш учун экологик мониторинг натижалари ўрганилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter