Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фанлар академияси Ядро физикаси институти олими вафот этди

Фанлар академияси Ядро физикаси институти олими вафот этди

Фото: Ядро физикаси институти

Физика-математика фанлари доктори, ядро физикаси соҳасида етук олим, Фанлар академияси Ядро физикаси институти Назарий ядро физикаси лабораторияси мудири Зокиржон Каноков 2020 йил 7 август куни 64 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ядро физикаси институти хабар берди.

Зокиржон Каноков 1956 йил 25 январида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида таваллуд топган. 1973 йили Тошкент давлат университетининг физика факультетига ўқишга кирган. 

Илмий фаолиятини 1978 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институтида бошлаган. 1983-2012 йиллар давомида Тошкент давлат университети (Ўзбекистон Миллий университети) физика факультетида илмий ходим ва педагог, 1986-1987 йилларда Москва давлат университетида стажёр ўқитувчи, 2012-2017 йилларда ЎзМУ физика факультети «Назарий ва ядро физикаси» кафедраси мудири, 2018 йилдан ҳозиргача ФА Ядро физикаси институти Назарий ядро физикаси лабораториясининг мудири лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Зокиржон Каноков илмий фаолияти давомида Очиқ квант системалар ва наносистемаларининг ҳаракат динамикасини, Оғир ионлар тўқнашувида вазмин ядроларнинг қўшилиши ва бўлиниши жараёнларини ўрганишга катта эътибор берди. Бу тадқиқотлар Россия Федерациясининг Дубна шаҳрида жойлашган Бирлашган ядро тадқиқотлари институти олимлари эътиборини тортди ва узоқ йиллар давомида ҳамкорликда қилинган изланишларнинг асоси бўлди. Ҳамкорликда қурилган янги назарий усуллар дунё миқёсида тан олинган. 

З.Каноков 80 дан ортиқ илмий нашрлар, 60 дан ортиқ мақолалар чоп этган. Ўзининг илмий-педагогик фаолияти давомида кўплаб ўқув қўлланмалар муаллифи бўлди. Тошкент давлат университети физика факультетида талабаларга ядро физикаси ва элементар зарралар физикаси, ядро моделлари фанларидан чуқур сабоқ берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг