Европадан ками йўқ: хизматлар сифати беларуслик меҳмонларни ҳайратга солди
Бугун, 20 сентябрь куни Беларусь Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари Игорь Тушинский бошчилигидаги делегация Наманган шаҳридаги Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Делегацияни Наманган вилояти Давлат хизматлари бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмоилов кутиб олди.
Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев билан биргаликда меҳмонлар давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими, Намаган мисолида марказларнинг фаолияти билан таништирди. Мазкур марказ зарур замонавий ускуналар билан жиҳозланган энг катта ва намунали Давлат хизматлари марказларидан саналади.
Д. Исмоилов «ягона дарча» тамойилини амалга ошириш, шунингдек, марказларда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги афзалликлар ҳақида сўзлаб берди. Делегатларга электрон навбат тизими, баъзи давлат хизматларини олиш жараёни тақдимоти ўтказилди.
Ташриф буюрувчилар қулайлиги учун марказда ташкил этилган болалар ўйин майдончаси ҳамда кафега экскурсия ўтказилди. Шунингдек, «мобил» сайёр хизматлар, бу хизматларни кўрсатувчи махсус техника билан жиҳозланган автобус ва «Дамас» автомобиллар ҳақида маълумот берилди.
Кўрсатилаётган хизматлар сифатидан ҳайратга тушган беларуслик меҳмонлар марказда ҳамма нарса энг юқори даражада экани, Европа стандартларидан кам жойи йўқлигини таъкидлашди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Наманган Давлат хизматлари маркази синов марказлардан бири бўлиб, 100 яқин давлат хизматларини кўрсатади. Бу Наманган шаҳри аҳолисига паспорт берадиган ва янгилайдиган ягона марказдир. Кунига 800 дан зиёд фуқарога хизмат кўрсатилади.
Марказ биносида Президент Халқ қабулхонаси, ФҲДЁ бўлинмаси, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез ёрдам ва банк филиаллари мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter