Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким болалар калтакланган мактабга борди

Ҳоким болалар калтакланган мактабга борди

Фото: facebook.com/turdimov

Самарқан вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳридаги интернет-мактаб, меҳрибонлик уйлари ва «Саховат» интернат-уйида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

Ёдингизда бўлса, 23 июль куни Самарқанддаги 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида болалар қийноққа солинаётгани, калтакланаётгани ҳақида интернет нашларда хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича баёнот берди ва мактаб-интернати директори Ш.Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи кўрилаётганини маълум қилди.

«Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда тарбияланаётганлар учун яратилган шарт-шароит ўрганилди. Кейинги кунларда мазкур муассасада содир бўлган ҳолат мактаб жамоаси, мутасаддилар ва жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди. Турли хил кўнгилсиз воқеалар рўй бермаслиги бўйича чора-тадбирлар белгиланди», ֫— деб ёзади Эркинжон Турдимов «Facebook»даги саҳифасида.

Шунингдек, ҳоким Самарқанддаги 1 ва 10-сон меҳрибонлик уйларини ҳам кўздан кечирган.

«Самарқанддаги 1 ва 10-сон меҳрибонлик уйларида ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олиб, камолга етиши учун давлатимиз томонидан барча шароит яратилган. Шуниси борки, бу ерда вояга етаётган ёш авлод кўп сонли инсонларнинг меҳри ва эътиборидан баҳраманд бўлиши, энг асосийси, жамоатчиликнинг ғамхўрлигини ҳис этиши керак. Мутасаддилар билан мана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди», — қайд этган вилоят ҳокими.

Бундан ташқари, 131 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган инсонлар истиқомат қилаётган «Саховат» интернат-уйида бўлиб, у ерда кузатилган муаммоларга ҳам тўхталган.

«131 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган инсонлар истиқомат қилаётган «Саховат» интернат-уйида бир қатор муаммолар борлиги кузатилди. Жумладан, бинода лифт ишламайди, ювиниш хоналари таъмирталаб, санитария қоидаларига амал қилинмаган. Муассаса ҳовлисида ободончилик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ёзги павильонда кроват-сўрилар бор, бироқ шароит яратилмаганлиги сабабли баҳаво жойга ҳеч ким келмайди. Интернат-уйи мутасаддилари фаолиятидан қониқмадик. Ҳар қандай жамият муаммо ва камчиликлардан холи эмас. Лекин муаммоли масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва тезда бартараф этиш ҳар бир соҳанинг масъул кишилари билан бирга, кенг жамоатчиликнинг ҳам асосий вазифаси бўлиши лозим», — таъкидлайди Эркинжон Турдимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг