Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ерфурушлик» билан қайси тизим ходимлари кўпроқ жавобгарликка тортилмоқда? Бош прокурор очиқлади

«Ерфурушлик» билан қайси тизим ходимлари кўпроқ жавобгарликка тортилмоқда? Бош прокурор очиқлади

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлгани хабари берилганди.

Маҳкама матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, танқидий ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалиги экин ерларини ажратиш ва ундан фойдаланишда кузатилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар, соҳадаги коррупция ҳолатлари, баъзи мутасаддилар содир этаётган қинғир ишлар соҳадаги ислоҳотларга соя солаётгани алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда катта маъруза қилган Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев захирага олинган ер майдонларини ажратишнинг очиқ ва шаффоф тизими ҳанузгача йўлга қўйилмаганлиги, бу эса турли суиистеъмолчиликларга, экин майдонларининг эгасиз қолиб, ҳатто йўқотилишига олиб келаётганлигини аниқ мисоллар билан очиқлади. Унга кўра, сўнгги икки йилда 56 минг гектар ер майдони ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратиб берилган.

Биргина ўтган йилнинг ўзида республика бўйича 83 та ҳолатда 112 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер сифатида ажратиб юборилган.

Кейинги икки йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 та жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу жиноятларнинг 71 тасини порахўрлик, 354 тасини фирибгарлик, 37 тасини сохтакорлик каби қилмишлар ташкил этади.

Бу даврда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизи ер кадастри ходимларидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг