Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди Қонунчилик палатасига экскурсиялар уюштирилиши мумкин

Энди Қонунчилик палатасига экскурсиялар уюштирилиши мумкин

Фото: «parliament.gov.uz»

Ривожланган мамлакатлар парламентида очиқликни таъминлаш, кенг жамоатчиликни ўзлари сайлаган вакиллари иши билан яқиндан танишиб бориш имкониятини яратишда турли усуллар жорий этилган. Масалан, биз парламентга экскурсиялар уюштирилиши амалиёти ҳақида кўп бора эшитганмиз. Шу орқали парламент кўпчилик кўришни истайдиган том маънодаги туристик манзиллар қаторидан ўрин олган, десак ҳам бўлади. Ва доим бизда ҳам шундай бўлармикан, деган савол кўпчикни қизиқтириб келган назаримда, деб ёзади депутат Расул Кушербаев.

Бўлармикан, деган саволга энди ўрин қолмади. Чунки куни кеча Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига янги қўшимча киритиш ҳақида қарор қабул қилди.

Киритилган янги 250-моддага кўра корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ёзма мурожаатлари асосида Қонунчилик палатасида жамоавий экскурсиялар ташкил қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси мажлисларини ўтказиш тартиби билан таништириш учун ташриф буюрувчилар унинг очиқ мажлисларида ҳам иштирок этишлари мумкин.

Фақат ташриф буюрувчилар Қонунчилик палатаси фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас, улар унинг ишини маъқуллаш ёки маъқулламасликдан сақланишлари, ўрнатилган тартибга риоя этишлари шарт.

Эслатиб ўтиш керакки, Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 31-бандида фуқаролар, ўқувчи ва талабаларнинг Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида монеликсиз иштирок этиш имкониятлари назарда тутиш белгиланган эди.

Шу вақтга қадар амалда Қонунчилик палатасига кўплаб жамоавий экскурсиялар, айниқса ёшлар иштирокида уюштирилиб келинган бўлса ҳам, бу ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилмаган эди. Менимча, Регламентга киритилган ушбу янгилик Олий Мажлиснинг очиқликни таъминлаш соҳасида бошқаларга намуна бўладиган янги қадами деса бўлади, дейди депутат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг