ЕИ элчиси Ўзбекистонни яшил энергетика бўйича ҳаракатларни давом эттиришга чақирди
Европа Иттифоқи элчиси Шарлотта Адриан Ўзбекистонда яшил энергетикага ўтиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни баҳолади. Тошкентда ташкил қилинган «Ўзбекистонда энергия самарадорлиги: истиқболлар ва муаммолар» анжуманида нутқ сўзлаган дипломат бу борадаги ютуқларни олқишлагани ҳолда, чора-тадбирларни изчил давом эттиришга ундади.
«Ўзбекистон энергия самарадорлигини таъминлаш, тоза ва қайта тикланувчи энергия ҳиссасини ошириш мақсадида энергетика соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг барқарор энергияга ўтишдаги мажбуриятлари ва ютуқларидан мамнундир ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва халқини шу пайтгача энергетика соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги эришган ютуқлари учун олқишлайди. Биз Ўзбекистонни яшил энергетикага ўтиш йўлини очиш борасидаги ҳаракатларни давом эттиришга чорлаймиз», – деди ЕИнинг юртимиздаги элчи Ш.Адриан хоним.
Таъкидланишича, Париж битими мақсадларига эришиш учун энергия самарадорлиги масалаларига устуворлик бериш лозим. Энергиядан янада самарали фойдаланиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда энергия хавфсизлигини оширишга ёрдам бериш кўзланган.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва ЕИ томонидан молиялаштирилган SECCA лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда юздан ортиқ манфаатдор томонлар, энергетика сиёсатчилари, Ўзбекистон, ЕИ ва унга аъзо давлатлар академик ва фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари қатнашди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги жорий субсидиялаштирилган энергия тарифи гарчи иқтисодий жиҳатдан маънога эга бўлса-да, аҳоли ва маиший истеъмолчиларни энергия самарадорлигини такомиллаштиришга ундамайди. Шунга кўра Ўзбекистон ҳукуматининг таркибий ва институционал ислоҳотлари пакетига кирувчи энергетика соҳаси трансформацияси умидбахш дея баҳоланмоқда.
Конференция давомида айнан энергия самарадорлигини таъминлаш учун умумий сиёсат ва ҳуқуқий база, энергия истеъмоли бўйича маълумотлар тўплаш, саноатда энергия аудити каби мавзулар муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида, «Марказий Осиёда барқарор энергетик алоқалар» (SECCA) лойиҳаси минтақада ЕИнинг илғор тажрибасига мувофиқ барқарор энергия тизимини ривожлантиришни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 12 декабрда иқлим конференцияси якунида қабул қилинган Париж битими БМТнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган. Ўзбекистон ушбу ҳужжатни 2017 йил 19 апрель куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида имзоланган.
Париж битими бир қатор устувор мақсадлар, жумладан, жорий аср давомида ҳаво ҳароратининг исиш даражасини дунё миқёсида Цельсий бўйича 2 даражадан паст сақлаб туриш ва кейинчалик 1,5 даражадан ошмаслигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter