Дмитрий Медведев Хива шаҳри бўйлаб саёҳат қилди (фото)
Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Хива шаҳрини томоша қилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Россия делегацияси Ичан-қалъадаги Кўҳна арк, Паҳлавон Маҳмуд мажмуалари, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Юқори мартабали меҳмонга ушбу обидалар тарихи, бу ерда сайёҳликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Мажмуада Россия делегацияси ташрифи шарафига Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Сонийнинг тахтга ўтириш маросими саҳнаси намойиш этилди. Асрлар оша илму маърифат маскани бўлган мазкур тарихий обида, қўйилган томоша меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Россия Федерацияси Ҳукумати раиси қадимий Хиванинг тарихий-меъморий ва туристик салоҳияти жуда юқори эканини алоҳида қайд этди.
– Ушбу шаҳардаги бебаҳо маданий ёдгорликлар асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилаётгани таҳсинга сазовор. Айниқса, Ичан қалъа каби яхлит ҳолда сақланган тарихий шаҳарлар дунёда жуда кам. Бу ерга келган ҳар бир инсон ҳайрат ва завққа тўлиши табиий. Жаҳон туризм индустриясининг бир бўлаги бўлган ушбу шаҳар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти нақадар юксаклигидан далолат беради. Бу ерда яшаган тарихий шахсларнинг ҳаёти ва жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида жамоатчиликка кўпроқ маълумот бериш керак. Шахсан ўзим бугундан бошлаб Хива ҳақидаги таассуротларимни Россия ва хорижий давлатларда кенг тарғиб этаман, – деди Дмитрий Медведев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter