Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Депрессия, ўта оғир хавотирли ҳолатлар» —  илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди

«Депрессия, ўта оғир хавотирли ҳолатлар» —  илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 14 октабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Ўзбекистонда ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ўқувчиларнинг 15,4 фоизи — ўртача ва ўта оғир хавотир ҳолатида экани ҳамда 9,8 фоизи — депрессияга дуч келгани аниқланган.

ЮНИСЕФ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этган ушбу тадқиқотда республикадаги барча 14 та ҳудуддаги 299 та мактабнинг 22 минг 854 нафар ўқувчиси иштирок этган. Тадқиқот орқали ўспиринларнинг эҳтиёжларини, уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни ўрганиш мақсад қилинган.

«Ўсмирлик жуда катта имкониятларни тақдим этади, шунингдек, руҳий саломатликка зиён етказувчи омиллар сабабли алоҳида эътиборни ҳам талаб қилади. Бу ўсмирларнинг ўрганиш, қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига таъсир қилади», — деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

«ЮНИCEФ ва ҳамкорлар бу борада профилактика ҳамда эрта аралашув саъй-ҳаракатларини кучайтиришга алоҳида эътибор берган ҳолда, Сенат ва барча тегишли вазирлик-идоралар билан иш олиб боради», — дея таъкидлади у.

Натижаларга кўра, ўқувчилар ҳамда ота-оналар энг кўп дуч келадиган тўсиқлар сифатида стигма ва хижолат бўлиш масаласида, мактаб психологи ва руҳий саломатлик борасида бошқа жамоат ресурслари ҳақида маълумотга эга эмас.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, 10 фоиздан ошиқ ўқувчилар ижтимоий боғлиқликни ҳис этмайди ва ажратишни бошдан кечиради: ҳар ўнта ўқувчидан биттаси ўзини мактаб билан боғламайди (8,7 фоиз), ундан ҳам кўпроғи ўзини мактабнинг бир қисми деб ҳисобламайди (13,1 фоиз) ёки ўзини синфда ёлғиз ҳис қилади (16,7 фоиз).

«Мактаблар академик таълим тузилмалари бўлибгина қолмай, талайгина ўспиринлар кўп вақтини ўтказадиган жойдир. Шунинг учун мактаблар ҳимояни таъминлаши мумкин, бироқ ўспиринларнинг руҳий саломатлигига таъсир қилиши мумкин бўлган хавф омиллари ҳам мавжуд», — деди Халқ таълими вазирлиги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг директори Лилия Гайнутдинова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг