Чироқчининг ютуқлари нимада? Муаммосичи?
Чироқчининг ютуқлари анчагина — кичик бизнес субъектларининг сони 2 мингдан ошиқ бўлса, шунинг деярли ярми охирги уч йилда ташкил этилган. Якка тартибдаги тадбиркорлар сони ҳам деярли шунча. Энг муҳими — пандемияга қарамасдан 362 та янги бизнес субъектлари ташкил этилди.
Буларнинг барчаси туманда солиқ тушумлари ошишига олиб келади. Демакки, ижтимоий лойиҳаларга сарфланаётган пул миқдори ҳам кўпаяди, «Темир дафтар»дагиларга кўрсатилаётган ёрдам салмоғи ошади.
Аммо шу билан бирга муаммоли жиҳатлар ҳам топилади. Келинг, бу ҳақда ҳам гаплашайлик. Айтайлик, ўтган йили очилган тадбиркорлик субъектларининг 33 фоизи, ёки учтадан биттаси фаолият юритмай турибди. Қолаверса, борида ҳам иш билан таъминлаш кўрсаткичи яхши эмас — ҳисоботга кўра битта субъектда ўртача 1,1 киши ишли бўлган. Жорий йилда аукционга чиқарилиши лозим бўлган 308 та бўш ер участкасидан фақат 121 таси сотувга қўйилгани эса алоҳида масала.
Азборойи ўқувчини зериктириб қўймаслик учун рақамларга берилиб кетмасликка ҳаракат қиляпмизу, лекин иложи бўлмаяпти. Хўш, саволларимизга мутасадди идоралар қандай жавоб берди.
Туман солиқ идораси раҳбари Бахтиёр Усмонов томонидан таъкидланишича, ўтган йили очилган ва фаолияти тўхтаб турган тадбиркорлик субъектларини ишга тушириб юбориш учун бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Стандарт жавоб. Аммо мулоқот давомида яна бир қизиқ факт очилдики, бунисини алоҳида келтирмасак бўлмайди.
— Тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга имкон қадар ёрдам кўрсатиб, ишга тушириб юборишга интиляпмиз ва қисман бунинг уддасидан ҳам чиқяпмиз. Аммо баъзи субъектлар борки, уларни қайта тиклаш деярли имконсиз. Чунки қўштирноқ ичидаги баъзи «тадбиркор»лар иш бошлашдан ҳам кўра кредит олишга кўпроқ қизиқади. Ўз маблағини тикишга ёки янги ҳамкор жалб этишга унчалик ҳам рағбат йўқ. Тўғри, кредит олишнинг ёмон томони йўқ, агар у мақсадли бўлса. Аммо бу ўринда иккита муаммо келиб чиқмоқда:
Биринчидан, ўтган йили тадбиркорлар учун йиллик 18 фоизлик кредитлар бор эди. Ҳозирда ушбу кредит линиялари ёпилган ва тадбиркор 25 фоизлик кредитни олишни истамаяпти.
Иккинчидан эса, ҳатто ўша кредитни олишни хоҳлаган тақдирда ҳам, гаровга қўйиш учун етарли мол-мулки йўқ.
Тан олиш лозим, ҳамма ҳам уддабурон эмас. Баъзилар борки, кредит олиш учунгина бизнес субъекти очган ва кейин ҳатто ҳисоб-рақам очмасдан ишини тўхтатиб қўйган. Мана шундай умидсиз корхоналарни ёпиш учун иш олиб бормоқдамиз, — дейди Бахтиёр Усмонов.
Оғриқли масала. Буни тан олмасдан ўзга илож йўқ. Шу билан бирга, янги субъектларни очиш олдидан рақамлар кетидан қувмасдан, уларнинг бизнес режаси билан яқинроқ танишган маъқул эмасмикан?
Энди иккинчи масалага ўтсак. Униси ҳам аввалгисидан кам оғриқли эмас — нима учун 299 та тадбиркорлик субъекти бор-йўғи 317 та (ўртача 1,1 та) иш ўрни яратган?
Бу бўйича ҳам солиқ идораси раҳбари Бахтиёр Усмоновнинг жавобини эшитсак.
— Аслида ҳар бир субъектда ҳеч бўлмаганда иккита иш ўрни бўлиши лозим — раҳбар ва ҳисобчи, — дейди мутасадди. — Аммо карантин вақтида аксарият тадбиркорлар фаолияти тўхтаб қолди. Натижада бизга илтимослар бўлдики, вақтинча битта иш ўрнини кўрсатиб туриш бўйича. Пул айланмаси бўлмаган субъектларнинг илтимосини инобатга олишга мажбур бўлдик.
Шунақа. Иш бўлмаса, солиқ ҳам бўлмайди ва буни тушундик, дейлик. Аммо «соядаги иқтисод» деган нарсалар ҳам борки, бу ёғини унутмаслик даркор. Афсуски, тадбиркорлар орасида ишчилар сонини атайлаб камайтириб кўрсатиш ва солиқ тўлашдан қочиш ҳолатлари учраб туради.
— Эътирозингиз ўринли ва шундай ҳолатлар кам бўлса ҳам учраб турибди, — дейди солиқ идораси раҳбари. — Бу бўйича ҳам иш олиб бормоқдамиз. Бироқ идорамиз тадбиркорлар фаолиятига кўп ҳам аралашишга ҳақли эмасмиз. Фақатгина улар билан учрашиб, суҳбатлашиб, тушунтириш ишлари олиб боришимиз мумкин. Шу орқали иш ўринларини тўғри кўрсатишларига ҳаракат қилмоқдамиз.
Тадбиркорлар пандемия вақтида халқ ва давлатга улкан қанот бўлди. «Саҳоват ва кўмак» доирасида қанчадан қанча ёрдамлар кўрсатилди, «Темир дафтар»га киритилган оилалар йўқчиликдан олиб чиқилди. Бунинг учун ҳар қанча раҳмат айтса арзийди.
Чироқчилик тадбиркорлар ҳам шундайлар сирасига киради. Умид борки, туманда мана шундай хайрли ишлар давом этади. Бор муаммолар эса, тез кунларда бартараф қилинади. Зеро, ҳалоллик бор жойда албатта барака ҳам бордир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter