Чиқиндиларни қайта ишлашда Хитой билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Хитойнинг «Shanghai SUS Environment» чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги компанияси раиси Зишен Лонг ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Хитой томонига республикада чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, ҳозирги вақтда чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш тизими яратилмагани, чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича хизматлар учун тўлов тарифлари сўнгги 4 йил давомида қайта кўриб чиқилмагани, бу соҳадаги иқтисодий вазиятга салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида маълумот берилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва унинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ўз навбатида, Зишен Лонг бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига ижобий баҳо бериб, компания муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва «Shanghai SUS Environment» компанияси ўртасида чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маълумот учун, «Shanghai SUS Environment» қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқувчи заводларнинг энг йирик етказиб берувчиси ва Хитойда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришнинг интеграциялашган тизимлари етакчи ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Катта тажриба ва илғор технологияларга эга бўлган компания қаттиқ маиший чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарга сармоя киритади, қуради ва улардан фойдаланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter