Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги қонун: чилим ва электрон сигарета чекиш мумкин бўлмаган жойлар маълум

Янги қонун: чилим ва электрон сигарета чекиш мумкин бўлмаган жойлар маълум

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 2 июль куни «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни «Халқ сўзи online» нашрида берилган.

Унга кўра, чилим ва электрон сигареталарни:

— стационар савдо объектларида, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида, бундан чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус ажратилган хоналар мустасно;

— кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;

— клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;

— музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;

— маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан, тамбурларида), дарё кемаларида, шаҳарда, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобусларда, таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида, шунингдек, ҳаво кемаларида;

— ерости ўтиш жойларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида;

— аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг биноларида;

— давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида;

— соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотларида, таълим муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида;

— иш жойлари бўлган хоналарда;

— кўп квартирали уйларнинг йўлакларида, шунингдек, уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончаларида;

— хиёбонларда, боғларда, кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида чекишга йўл қўйилмайди.

Жамоат жойларида жойлашган хоналарни чилим ва электрон сигареталарни чекиш учун бериш, худди шунингдек, жамоат жойларида чилимни ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тақиқланади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган махсус ажратилган хоналарнинг жиҳозларига, чилим ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тартибига, чилимларни санитария жиҳатдан тозалашга ва чекиладиган қоришмаларни (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) сақлашга доир талаблар, шунингдек, тамакига ва чекиладиган қоришмаларга (тутатқи қиёмга, тутатқи тошга) доир гигиеник талаблар қонун ҳужжатларида белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, кучга киради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг