Бувайдада ҚВП шифокори калтакланди. Нега?
Шу йилнинг 24 январь куни Бувайда туманидаги Найман қишлоқ врачлик пунктида ўз вазифасини бажараётган умумий амалиёт шифокори М.Жўраев калтакланди. Ўша куни чақалоқлар эмланаётган экан. Жов маҳалласида яшовчи аёл уч ойлик чақалоғини эмлатишга олиб келади. Гўдакда қичима касаллиги борлигини аниқлаган шифокор зудликда марказий поликлиникага бориб, дерматолог кўригидан ўтиш лозимлигини айтади. Эмлаш бола соғлигига хавф туғдирмаса амалга оширилади, қичима эса юқумли касаллик.
Хуллас, чақалоқни кўриб бўлгач, дўхтир қўл ювиш учун ташқарига чиқади. Чунки кейинги беморни кўришдан аввал албатта қўл чайилиши керак. Шифокор қўл чайиб келса, аёл ҳалиям шу ерда экан. Шунда шифокор, эҳтимол, баландроқ оҳангда гапирган бўлиши мумкин, бироқ гўдакни тезроқ дерматолог кўригига олиб боришни талаб қилгани аниқ...
...Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтиб, шифокор ҳузурига ёши каттароқ киши ва бир йигит кириб келади. Ва: «Сизми, келинойимни ҳақорат қилган?» дея шифокорга ўдағайлай бошлайди. Гап нимада эканини англаб етгунча йигит тушмагур шифокорнинг юзига калла қўяди. Натижада унинг қоши ёрилади...
Бор воқелик шу. Вазиятга ҚВП фельдшери аралашмаганда ҳолат бунданам аянчли якунланиши мумкин эди.
Дарвоқе, муштумзўр йигит (гўдакнинг амакиси) дўхтир ҳузурига отаси билан келган экан. Ўғил шифоркорни ёқасидан олиб, уришга чоғланаётган пайтда шу воқелик устида тургани айтилади. Бироқ томонларни ажратиб қўймайди. Аксинча, йигитнинг чангалидан ҳамкасбини қутқаришга ҳаракатга қилган фелдьшерга қараб: «Аралашманг сиз, иккаласи гаплашиб олсин», дейиш билан чекланади.
Воқеликнинг кейинги ривожи калтак еган ҚВП шифокорига тиббий ёрдам кўрсатиш, ёрилган қошига чок тушгандан кейин... тақа-тақ тўхтайди. Нега? Чунки, бир томондан туман ҳокими, иккинчи томондан туман бош имом хатиби ўртага тушиб, томонларни яраштиришга тушади. Бунга муваффақ бўлади ҳам. Шифокор «полвон»ни кечиради...
Албатта, кечиримлилик яхши фазилат. Биз ҳам кул титиб, «босди-босди» бўлаёзган ушбу воқеликни яна алангалатиш ниятидан йироқмиз. Кечирадими ёки даъво қиладими – бу шифокорнинг мутлақ ҳуқуқи. Шунингдек, шифокор аёлни ҳақорат қилган-қилмаганиям бироз мавҳум. Шифокор ҳақорат қилмаганини таъкидлайди. «Полвон» ҳам айни вазиятни очиқлагани йўқ (унинг ўзи билан кўришиш насиб этмади, телефонда боғланганимизда «опа, биз келишволдик, мен узр сўрадим, у киши кечирди», дейиш билан чекланди). Шунга қарамай, куппа-кундуз куни, хизмат вазифасини бажараётган шифокор ҳузурига ота-бола бостириб кириб, ўғил «калла қўйса», ота эса... томошабинликдан нарига ўтмаса?! Бу нима деган гап?
Иккинчидан, Найман ҳудуди катталиги учун 6 штат бирлигида олий маълумотли умумий амалиёт шифокори ишлаши керак аслида. Аммо шу чоққача фақат икки нафар шифокор ишлаб келган. Қишлоқ жойларида бир ставкада ишлайдиган шифокор 700 нафар аҳолига хизмат кўрсатиши лозим. Бундан англашиладики, Найман ҚВПда икки нафар шифокор 11 минг аҳоли соғлиги учун масъул! Ана энди уларнинг зиммасидаги юкни тасаввур қилаверинг! Шу кунларда кунига 50-60 нафаргача беморни қабул қилмоқда. Яна денг, шу икки нафар шифокор пенсия ёшига етиб қолган... Бунга ҳатто жисмонан улгуриш қийин. Айниқса, ҳозир ўткир респиратор, нафас йўли, камқонлик, шамоллаш, бронхит, тонизиллит каби касалликлар кўпайган пайтда...
Ниҳоят, учинчидан. Хизмат вазифасини бажараётган пайтда беморларнинг яқинлари томонидан турли тажовузларга дуч келиш ҳолатлари биринчи марта содир этилаётгани йўқ. Тиббий маданият деганда инсон ўзининг саломатлиги ҳақида қайғуришнигина эмас, шифокор билан қандай муносабатда бўлишни ҳам ўрганиш керакдай. Томонларни муросага чақириб, яраштириб қўйишнинг ёмон жиҳати йўқдир балки. Бироқ бунинг замирида инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш эмас, ҳудудда жиноятчилик кўрсаткичларини пасайтириш нияти бўлса, бу каби муштумзўрлик қайта содир этилмаслигига кафолат йўқ.
Оғриқ хуруж қилиб, дунё кўзга тор кўринган пайтда мансаб, маблағ ёки мавқе эмас, биринчи навбатда шифокор дардга малҳам бўлишини унутмасак, бас!
Ш.Мадраҳимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter