Боёвут. Ҳокимнинг оёғи етмаган жойлар...(видео)
Сиз тасвирларда кўриб турган жойнинг номи Янгиобод. Боёвут туманига қарашли маҳалла фуқаролар йиғини. Илгариги номи «Ғалаба» («Победа») эди, замонлар ўзгариб, «Янгиобод» бўлди. Бироқ жой номини ўзгартириш билан ижобий натижага эришиб бўлмас экан-да. Нега десангиз, бу ҳудуд «Победа»лигида бирор жабҳада олдинга чиқолмаган бўлса, «Янгиобод»га айлаганидан кейин ҳам ободликдан нишон йўқ-да.
Буни йўлларнинг аҳволи яққол кўрсатмаяптими?!
Туман марказига элтувчи катта йўлдан то «Янгиобод» МФЙгача етти-саккиз километр масофа бор. Йўлларнинг абгорлигидан ҳатто жамоат транспорти олиб ташланган. Уларни тушуниш мукин: бунақа йўлларда юриш ташувчиларга қимматга тушиши тайин: ҳафта бир автотраспортнинг юриш қисмию ғилдиракларини таъмирлатавериш ким ёқарди? Яна денг, автоэҳтиёт қисмларнинг нархи осмонга сапчиб турган бугунги паллада.
МФЙда 546 хонадон бўлиб, уч ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Шуларнинг 1680 нафари хотин-қизлар бўлса, 1037 нафари вояга етмаган болалар... Хуллас, аҳолининг туман марказига етволишининг ўзи муаммо. Яъники, жамоат транспорти йўқ, йўловчи машиналар ҳар кимниям олиб кетавермайди. Киракашлар эса йўлкирани ёнилғи нархидан ташқари йўлнинг аҳволидан ҳам келиб чиқиб белгилайдики, буни ҳар кимнинг чўнтаги кўтармаслиги эҳтимоли юқори.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу йўллар ўттиз йилки қўли гул йўлсозларнинг йўлларига кўз тикиб турибди (сўз ўйини ихтиёримиздан ташқари юз берди, узр). Икки йил аввал «Янгиобод»нинг йўллари дастурга киритилди, деган хабардан чандон қувонган эдилар. Мана, 2019 йил ҳам кириб келди, аҳволни кўриб турибсиз...
Бу ҳудуд тумандаги тўртта сектор раҳбарининг қай бири чекига тушганини билмадик. Савол туғиладики, «Янгиобод»га мутасаддиларнинг оёғи етганми ўзи? Биринчи навбатда ҳокимнинг. Ҳоким? Қай бири: вилоятми ёки туман?
Нима фарқи бор?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter