Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура янги тафсилотларни очиқлади

Бош прокуратура янги тафсилотларни очиқлади

Фото: «Xabar.uz»

Бош прокуратура томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида қонунийликни таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар бўйича Ҳаёт Шамсуддинов иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, жорий йил 16 июль ҳолатига кўра, тергов-тезкор гуруҳи томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари доирасида:

  • ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинди;
  • етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқлашга қаратилган чоралар кўрилиб, ҳозирга қадар фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд. 147 млн. сўм зарар етказилганлиги аниқланди;
  • оммавий тартибсизликлар оқибатида жабрланган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилди.

Жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган, уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган.

Сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар тўла таъминланган. Ушланганларнинг соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас.

Таъкидланишича, баъзи хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолганлиги ҳақида асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган «фейк» хабарлар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган баъзи фуқаролар ўз яшаш уйида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланди. Шунда бўлса-да, бу ҳолат ҳам Бош прокуратура тезкор-тергов гуруҳи томонидан назоратга олинди ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилмоқда.  

«Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар юзасидан бирон-бир маълумотга ёки ишга алоқадор ашёларга эга бўлсангиз, уларни тергов-тезкор гуруҳига тақдим этишингизни сўраймиз», дейилади прокуратура мурожаатида.

Аввалроқ Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар туфайли шифохонага ўта оғир аҳволда ётқизилган яна 3 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг