Бош прокуратура фуқаролардан кундалик юритишларини сўради
Ўзбекистон Бош прокуратураси коронавирус масаласида фуқароларимизга мурожаат қилди.
Короновирус инфекциясининг шиддат билан тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвиш ва хавотирга солмоқда.
Ҳар бир давлат ўз имконияти доирасида бу офатнинг таъсирини юмшатиш ҳамда кенг тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда, турли мамлакатларда турлича фавқулодда чоралар кўрилмоқда.
Бош прокуратура жорий йилнинг 4 апрелида короновирус кенг тарқалишининг олдини олиш, тегишли хизматларга мазкур касалликка чалинган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни тезкор равишда аниқлаш ва уларнинг бошқа фуқаролар билан мулоқотини чеклаш бўйича кўмаклашиш чораларини белгилаган.
Жумладан, Бош прокуратурада короновирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш бўйича идоралараро Штаб, ҳудудларда эса, идоралараро ишчи гуруҳлар тузилди.
Мазкур гуруҳлар короновирус инфекциясига чалинган беморлар билан тегишли суриштирув ишларини ўтказади, уларнинг эпидемиологик маршрути, ким билан қачон, қаерда мулоқотга киришганини аниқлайди.
Бош прокуратура фуқароларимиздан бугундан бошлаб ўзларининг кундаликларини юритишларини сўрайди.
Ҳар бир фуқаро қачон, ким билан, қаерда ва қай тарзда мулоқот қилганини ёзиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Бу маълумотлар аввало, касалликнинг олдини олиш, унинг тарқалишига чек қўйиш, пировардида минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Зотан, аксарият давлатлар тажрибаси инфекциянинг илк зарбаларини қабул қилиб олаётган тиббий хизматнинг унга чалинганлар билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш ҳамда тегишли тартибда карантинга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келаётгани, даволашга сарфаланадиган вақт ва имконият йўқотилаётганини кўрсатди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter