Божхона тизими тубдан такомиллаштирилади. Ҳалол ва малакали ходимлар ишга олинади

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига тақдим этилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Лойиҳага кўра, божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ва экспорт-импорт соҳасини тартибга солиш кўзда тутилмоқда. Бош прокуратура, ДБҚ, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат ветеренария қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ушбу лойиҳа учун масъул этиб белгиланган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида божхона чегарасидан товарларни ўтказиш тартиблари ва тизими, илғор жаҳон тажрибасига мувофиқ миллий божхона режимларини қайта кўриб чиқиш, мамлакат ҳудудидаги божхона постлари, терминаллари ва омборларини экспресс-лабораториялар билан жиҳозлаш, божхона расмийлаштирувида ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ва муддатларни кескин қисқартириш мақсадида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий қилиш назарда тутилади.
Шунингдек, божхона қонунчилигини тубдан такомиллаштириш, ушбу тизимни илғор халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш ҳам режалаштирилган.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси билан Божхона қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланади. Концепцияда Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назоратни тубдан такомиллаштириш, жадал ўзгараётган ташқи иқтисодий вазиятларга божхона органларининг жавоб бериш ва таъсир кўрсатиш механизмларини ишлаб чиқиш, божхона маъмуриятчилигининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш механизмларини ташкил этиш, замонавий инновацион ғоялар ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, электрон ахборот базаларидан самарали фойдаланиш орқали бож ставкаларини тезкор ва қулай тарзда қайта кўриб чиқиш, давлат божхона хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан тўлдириш, соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш бўйича янги тизимни яратиш масалалари назарда тутилади.
Бундан ташқари, божхона кўригини хавфни бошқариш тизими орқали амалга ошириш механизмини жорий қилинади. Лойиҳада божхона кўригини хавфни бошқариш тизими орқали тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик даражасига қараб «яшил» ва «қизил» йўлаклар орқали ўтказиш тизимини жорий этиш назарда тутилади.
Эслатиб ўтиш керак, ушбу лойиҳа тасдиқланиши, ўзгариши ёки рад этилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter