Бекободдаги чиқиндилар полигонидаги ёнғин ҳақида яна расмий маълумот берилди
Xabar.uz сайти орқали Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги чиқиндилар полигонида ёнғин келиб чиққани ва қуюқ тутун туфайли ён-атрофдаги аҳоли пунктларидаги фуқаролар азият чеккани ҳақида хабар берилган эди. Ёнғин 6 июлда бошланди ва бир неча кун давом этди.
Бекобод тумани Бобур ф/у ҳудудида жойлашган чиқинди полигони Бекобод шаҳар ҳокимининг 2018 йил 14 феврал 12- сонли қарори билан «Тоза ҳудуд» ДУК Бекобод шаҳар филиалига далолатнома билан бириктириб берилган. Полигон 2007 йили «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан қурилиб фойдаланишга топширилган. Полигоннинг умумий майдони 6,6 гектар бўлиб, 720 метр бетонли девор билан ўралган, қоровул хонаси мавжуд. Бир кунда полигонга ўртача 100 м3 маиший ва аралаш турдаги чиқиндилар «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан олиб бориб тўкилади. Ҳозирги кунда Полигон 95% маиший чиқиндилар билан тўлган ҳолда қабул қилиб олинган.
Жорий йилнинг 6 июл куни Бекобод туманида жойлашган «Тоза ҳудуд» ДУК Бекобод шаҳар филиали тасаруффида бўлган чиқиндихона аҳоли томонидан олиб келинган чиқиндилар орасида ўчмаган чўғ мавжудли туфайли маълум вақт ўтганидан сўнг куннинг иссиқ пайтида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган. Ёнғинни бартараф этиш мақсадида Бекобод шаҳар Ёнғин хавфсизлиги хизмати техникаси ва Ободонлаштириш бошқармасига қарашли сув ташиш автотранспорти жалб қилинган. Экология қўмитаси томонидан берилган хабарга кўра, куннинг кескин даражада иссиқлиги сабабли шу куннинг ўзида ёнғинни бартараф этиш имкони бўлмади. Ҳозирги кунда «Тоза ҳудуд» ДУК Оҳангарон тумани филиалидан бульдозер олиб келиб ёнаётган майдонни ажратиб қум билан кўмиш орқали ўчириш чоралари кўрилди.
«Тоза ҳудуд» ДУК Бекобод шаҳар филиали тасаруффида бўлган чиқиндихона қоровулига эҳтиётсизлиги туфайли ёнғин содир бўлишига йўл қўйганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддасига асосан Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди.
Давлат экология қўмитаси томонидан Xabar.uz'га маълум қилинишича, яқин вақтлар ичида полигон ён-атрофида истиқомат қиладиган аҳолидан мавжуд муаммолар бартараф этилгани ҳақида розилик хати олинади ва сайтимизга тақдим этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter