Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олиш чораси топилди

Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олиш чораси топилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. 2018 йилда дунёда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланганлик ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 дан ортиқ аёллар вафот этади. Саратоннинг бу турининг олдини олиш борасида синалган ва самарали стратегиялар мавжуд. Улардан бири — одам папилломавируси (ОПВ) га қарши эмлаш. Ўзбекистон бу борада биринчи қадамни қўйди, яъни шу йилнинг ноябридан бошлаб 9 ёшли қизлар ушбу касалликка қарши эмланади.

Бу ҳақда пойтахтимизда «Бачадон бўйни саратонисиз кeлажак» шиори остида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуманда айтиб ўтилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир мамлакатимиздаги жорий миллий эмлаш дастурлари ўзаро муносабатини фаоллаштириш, онкологик касалликларга қарши кураш, рeпродуктив саломатлик ва ўсмир қизлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш учун майдон бўлиб хизмат қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Тадбирда таъкидланишича, бачадон бўйни саратони тарқалишига кўра жаҳонда аёлларда учрайдиган саратон касалликлари орасида тўртинчи ўринда туради. Дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, ушбу хасталик барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези саратонидан кейин учинчи ва туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида эса иккинчи ўринни эгаллайди. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили юртимизда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Шу боис бутун дунёда ушбу касалликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизда 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу борада миллий рeжа тасдиқланган. У ўз ичига бачадон бўйни саратонини даволаш, паллиатив ёрдам кўрсатиш билан бирга, ОПВга қарши эмлаш, бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш каби бирламчи профилактик тадбирларни қамраб олади.

Миллий эмлаш календарига кўра, мамлакатимизда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфeкцияларга қарши эмланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда эпидемиологик ҳолат барқарор сақланмоқда. Эндиликда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Юртимизда 9 ёшли ўсмир қизларни режали эмлаш шу йилнинг ноябрь ойидан бошланади. Бунинг натижасида келажакда ҳар йили 1 100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатларининг камайишига эришилади.

Тадбирда таъкидланганидeк, айни пайтда ОПВга қарши режали эмлаш дунёнинг 92 та давлатида, улар орасида ЖССТ Европа минтақасидаги 36 мамлакатида ҳам қўлланиб келинмоқда. Бачадон бўйни саратони олди жараёнларини камайтиришдаги эмлашнинг юқори самараси клиник синовлар даврида, шунингдек, бу вакцина кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган давлатлар (АҚШ, Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия) мисолида кўринган.

Анжуманда, шунингдек миллий ва халқаро экспeртлар бачадон бўйни саратонининг олдини олиш ва даволаш бўйича охирги тадқиқотлар, ОПВга қарши вакцинани жорий қилишдаги бошқа давлатларнинг тажрибалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг