Аёл кишига қўл кўтарган «военком» сувдан (деярли) қуруқ чиқди
Олмалиқ шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Фаёз Сирочевга нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ҳарбий прокуратура матбуот котиби Шерзод Ҳайитов маълум қилди.
Қайд этилишича, Фаёз Сирочевга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан ўтказилган. Унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли 16 ноябрь куни жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, унга нисбатан интизомий жавобгарликка оид иш очилган. Тошкент ҳарбий округи қўмондони буйруғи билан қаттиқ ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи бозорда аёл кишига нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатни амалга оширгани айтилаётган видео тарқалганди.
Кейинроқ Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги ва Ҳарбий прокуратура мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлагани ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter