«Атлас байрами» халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали бўйича матбуот анжумани ўтказилди
2022 йилнинг 20–22 октабр кунлари Марғилон шаҳрида «Атлас байрами» V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтади. Фестивал Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, UNFPA’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази томонидан ўтказилади.
Бугун, 12 октябр куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги биносида ана шу фестивалга бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди. Матбуот анжуманида Халқаро ҳакамлар ҳайъати раиси Акбар Ҳакимов, Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, «Ҳунарманд» уюшмаси раҳбарияти ва Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов иштирок этди.
«Фестивалнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири шуки, унинг доирасида Марғилон шаҳрига «Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри» мақоми берилади, бу эса Марғилоннинг Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши тармоғига киритилишини таъминлайди. Мазкур мақом Марғилоннинг ўзбек ҳунармандчилигини асраб-авайлашдаги муҳим ролини яна-да оширади. Атлас байрамида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Таиланд, Бангладеш, Индонезия, АҚШ, Латвия, Мўғулистон, Италия ва бошқа мамлакатлардан ҳунармандлар, маданият арбоблари, дизайнер ва мутахассислар иштирок этадилар», – деди А.Абдуҳакимов.
Таъкидлаш керакки, фестивалдан олдин, яъни 16-19 октябр кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳунармандлари ва дизайнерлари учун анъанавий тўқимачиликнинг ҳар хил турларига бағишланган анъанавий ҳунармандчилик, этник дизайн ва тадбиркорлик бўйича тўрт кунлик тренинглар ўтказилади. Мазкур тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилади.
Тадбирда нутқ сўзлаган Сара Ношади фестивалнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
«Фестивал анъанавий ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича «ноу-хау»ни оммалаштириш орқали номоддий маданий меросни асраб-авайлашга ҳисса қўшади, – деди Сара Ношади. – Шунингдек, ўзбек тўқимачилигининг барча турларида, пахтачиликдан тортиб ипак матолар, гилам ва каштачилик ёки кийим-кечак дизайнигача бўлган барча турдаги анъанавий ҳунармандчиликнинг сифати ва дизайнини яхшилашга кўмаклашади. Бундан ташқари, фестивал миллий ва халқаро ҳунармандлар, ишлаб чиқарувчилар, анъанавий тўқимачилик бўйича мутахассислар, дизайнерлар ва мода мутахассисларини бирлаштиради»
Фестивалнинг очилиш маросими доирасида Марғилон шаҳрига «Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри» мақоми берилади, бу эса Марғилоннинг World Crafts Council – Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши тармоғига киритилишини таъминлайди. Мазкур мақом Марғилоннинг ўзбек ҳунармандчилигини асраб-авайлашдаги муҳим ролини янада оширади.
Қайд этиш керакки, фестивалда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Таиланд, Бангладеш, Индонезия, АҚШ, Латвия, Мўғулистон, Италия ва бошқа мамлакатлардан ҳунармандлар, маданият арбоблари, дизайнер ва мутахассислар иштирок этадилар. Уларнинг иштироки эса анъанавий тўқимачилик соҳасидаги услублар, нақшлар, анъана ва техникалар ҳақида фикр алмашиш имконини беради. Уларнинг иштироки маҳаллий ва ёш ҳунармандлар учун муҳим илҳом манбаи бўлади. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги туризм элчиси, таниқли моделер Риту Бери хоним каби санъат намояндалари ўз иштироклари билан фестивалга кўрк бағишлайди.
Фестивал дастуридан шунингдек, халқаро конференсия, давра суҳбати, мода намойишлари ва кўргазма каби бошқа йирик тадбирлар ҳам ўрин олган. Хусусан, «Замонавий дунёда анъанавий тўқимачиликнинг ўрни» халқаро конференциясининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади, унда Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон, Италия, Болгария, Мўғулистон, Россия ва бошқа мамлакатлар ва минтақалардан 15 нафарга яқин маърузачилар иштирок этиши режалаштирилган. Конференция материаллари Ўзбекистонда анъанавий тўқимачилик ва кийим-кечак дизайнининг ҳозирги ҳолатини ривожлантириш стратегиясини баҳолаш ва ишлаб чиқишнинг муҳим кўрсаткичига айланади.
Қолаверса, «Буюк ипак йўли меросхўрлари» анъанавий тўқимачилик халқаро кўргазмаси ҳам бошланади, унда турли мамлакатлар вакиллари иштирокида турли тўқимачилик ҳунармандчилиги намойиш этилади. Шу билан бирга, фестивалдан анъанавий мато ва гилам ишлаб чиқариш бўйича мастер-класслар, театрлаштирилган ва мусиқали томошалар, ҳунармандчилик ярмаркаси, Марказий Осиё, Осиё-Тинч океани ва Европа дизайнерларининг мода намойишлари, анъанавий ўзбек ижрочилари иштирокидаги гала-концерт ҳам ўрин олган.
Албатта, бу тадбирлар биргаликда ўзаро тажриба алмашиш ва ўрганиш учун платформа яратади ҳамда Ўзбекистондаги бой ва қадимий ҳунармандчилик анъаналари ҳақида маҳаллий ва халқаро хабардорликни оширишга ёрдам беради.
Маълумот учун: «Атлас байрами» анъанавий тўқимачилик фестивалига 2015 йилда асос солинган.
Фестивалдан кўзланган мақсад анъанавий ўзбек тўқимачилик соҳасида номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, ўзбек тўқимачилигининг барча йўналишларида, пахтачиликдан тортиб, ипак газламалар, гиламлар, каштачилик ёки мода дизайнигача бўлган анъанавий ҳунармандчиликнинг сифати ва дизайнини яхшилаш. Бундан ташқари, фестивалнинг узвий мақсадлари – ўзбек тўқимачилик анъаналарига бўлган билим ва қизиқишни кейинги авлодларга етказишни таъминлаш, анъанавий тўқимачилик соҳасида халқаро тажриба алмашиш учун платформа яратиш, ўзбек тўқимачилик саноатининг халқаро майдонда эътироф этилишига ҳисса қўшишдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter