Асл баҳони халқ берсин, сохта овозлар эмас...
Хабарингиз бор, яқинда Андижон вилояти ҳокимлиги бир ташаббусни илгари сурган эди. Ёшлар туман ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганди.
Бу эса кимгадир эриш туйилди, яна биров эса ёшларни қўллаб-қувватлаш керак, дея олқишлади. Тўғри, 10 кун катта давр эмас. Қисқа фурсат ичида ёшлар ваколати доирасида ўз иқтидорини намоён қилишга ҳаракатда бўлди. Шу ўринда бир гап, ҳали улардан оламшумул янгиликни кутишга ҳаққимиз йўқ.
Куни кеча Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати ўз телеграм каналида ушбу ёш ҳокимларга овоз беришни сўраб, сўровнома жойлаштирибди. Бу эса ёшлар орасида сохталикнинг илдиз отмаслигига, «троллар фабрикаси» пайдо бўлмаслигига ким кафил бўлади? Асл меҳнат қилган сояда қолиб, яқинларидан сўровномада иштирок этиб, унга овоз беришини сўраганлар эътироф этиладими?
Менимча, бу номақбул усул. Сўровнома бўлгандан кейин очиқ-ойдин бўлиши керак. Фақат рақамлар эмас, аксинча ҳар бир овоз берувчи ўз изоҳини қолдирсин. Нега шу инсонга овоз берганини баралла айтсин. Камчилигини ҳам, ютуғини ҳам келтирсин. Бу ёшларнинг келажагига ижобий таъсир қилади, наздимда.
Боз устига, шу тумандаги аҳоли 10 кун мобайнида ёшлар томонидан олиб борилган ишларга муносиб баҳони берсин. Вилоят ҳокими шу жиҳатларга эътибор берса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Ваҳоланки, асл баҳони қандайдир рақамларга асосланган сохта овозлар эмас, аксинча халқ беради.
Сиз нима дейсиз?
Жонибек Маърупов,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter