АҚШ: ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2021 йилда яна бир бор «Илғор жангчи» деб топилди
Жорий йил 19-24 апрель кунлари Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида ўтказилган «Илғор жангчи» мусобақасининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Мисиссипи штатидаги Қуролли Кучлар тузилмалари вакиллари, фахрийлар ва мусобақа иштирокчилари қатнашишди.
Унда сўз олганлар жорий йилги мусобақаларнинг аввалгиларига нисбатан янада қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтганлигини таъкидлаб, меҳмон сифатида иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбийларнинг билими, маҳорати, жасурлиги ва шижоатини эътироф этишди.
«Биз учун анъанага айланган ушбу мусобақада ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз икккинчи маротаба иштирок этишмоқда. Тан олиб айтаманки, бу сафар ҳам улар нафақат жисмоний, балки жанговар ва ақлий тайёргарлик, қурол-аслаҳани билишда ҳам яққол устунликка эга бўлишди. Бу эса бизнинг сержантларимизни ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди», – деди Миссисипи шатати Миллий гвардияси сержантлар қўмондони сержант-майор Кристофор Йонг.
Шундан сўнг ташкилотчилар томонидан ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулла Олимовга мусобақа ғолиблари учун бериладиган «Илғор жангчи» мукофоти ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада иштирок этган ҳарбий хизматчиларимиз 2019 йилда ҳам I ўринни қўлга киритган эди.
Ғолиб ҳарбий хизматчилар 27 апрель куни Ўзбекистонга етиб келади.
Лейтенант Отабек НОРБОЕВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
АҚШ, Мисиссипи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter