Андижонда 112,4 млрд. сўм бюджет маблағи манбасиз ва мақсадсиз сарфланган — Сенат

Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида Олий Мажлис Сенати ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан 2020 йилнинг биринчи яримида бу борадаги ишлар Андижон вилояти мисолида ўрганилди.
Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабаридан кўринишича, ўтказилган таҳлиллар натижаси мақтангудай эмас. Аксинча, қўпол хатолар ва жиддий қонунбузилишлар ҳам талайгина. Масалан, ўрганишлар жараёнида маҳаллий бюджетга 92 млрд. сўмдан зиёд қўшимча даромадларни жалб этиш имконияти мавжудлиги аниқланган. Энг ёмони, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишга маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 40 фоизи сарфланиши белгиланган бўлса-да, лекин бу мақсадларга умуман мазкур маблағлардан ажратилмаган. Шунингдек, қўшимча манбаларнинг 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга сарфланиши лозим бўлгани ҳолда умуман сарфланмаган.

Қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 112,4 млрд. сўм манбасиз ва мақсадсиз харажат қилинишига йўл қўйилган.
Жумладан, аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга ажратилган 4,9 млрд. сўмлик маблағлар самарасиз сарфланганлиги ҳисобига 2018 йилда (!) фойдаланишга топширилиши белгиланган Хонобод шаҳридаги Тейит, Фозилмон ва Хидирша МФЙлар, Андижон туманидаги Нўхатак МФЙ, Хўжаобод туманида жойлашган Хидирша МФЙда сув тармоқларини қуриш ишлари якунига етказилмаган ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаган.
Шунингдек, 9 та ижтимоий соҳа объектини қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун тузилган лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган 1,2 млрд. сўмлик жиҳоз ва ускуналар ўрнига бошқа турдаги жиҳоз ва ускуналар ўрнатиб ташланган. Масалан, Избоскан туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби биносини реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатидаги қиймати 342 млн. сўмлик 2 дона иситиш печи ўрнига лойиҳа-сметада кўзда тутилмаган, нархи номаълум, аввал фойдаланилган 2 дона иситиш печи ўрнатилган.
Сенат ахбороти якунида маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш йўналишида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тўпланган материаллар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилгани маълум қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter