Акмал Нур ва Абдулазиз Комилов Япониянинг юксак мукофотига сазовор бўлди
Япония ҳукуматининг жорий йил 3 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов юксак мукофотга сазовор бўлди.
Япония элчихонаси хабарига кўра, Акмал Нур (Нуриддинов) икки томонлама дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда япон маданиятини оммалаштириш ва икки давлат ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун «Чиқаётган қуёш» ордени билан тақдирланади.
Маълумот ўрнида, Бадиий академия раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурга 2022 йилда Япония ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи ҳам топширилган эди.
Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов эса «Чиқаётган қуёш катта кордон» орденига муносиб кўрилган.
Қайд этилишича, узоқ йиллар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган таниқли дипломат олий даражадаги ташриф ва тадбирларни ташкиллаштириш, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш, умуман, икки томонлама дўстлик робиталарини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил март ойида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга ҳам Япониянинг «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени топширилган эди.
Ўтган йилнинг ноябрида ўша вақтда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири вазифасида ишлаган Азиз Абдуҳакимов ҳам Кунчиқар ўлканинг нуфузли мукофоти билан сийланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter