Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

96 соат давом этган операция ёхуд дунёдаги энг ғаройиб жарроҳлик амалиётлари ҳақида

96 соат давом этган операция ёхуд дунёдаги энг ғаройиб жарроҳлик амалиётлари ҳақида

Тиббиёт тарихида шундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари бўлганки, бу ҳақда эшитиб, ёқа ушлайсиз. Newsweek журнали ана шундай ғайритабиий амалиётлар борасида маълумот берган...

1. Миянинг олиб ташланиши. 2008 йилнинг 6 июнь куни техаслик олти ёшли Жесси Хэллнинг ўнг ярим мия шари тўласинча олиб ташланди. Мазкур операцияни Балтимордаги Жон Хопкинс болалар тиббий маркази нейрожарроҳи Бен Карсон ўтказди.

Тиббиётдаги энг ноёб саналган гемисферэктомия деб номланган мазкур операция Расмуссен энцефалити (бош мия яллиғланиши) билан оғриган қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли эди. Бундай ҳолларда «тирик» қолган иккинчи ярим мия шари олиб ташланган мия ярим шари вазифасини ўтайди (шифокорлар бу қай тарзда рўй беришини аниқлашгани йўқ).

Жесси, афтидан, чап томони бир умрга фалажланган тарзда қолди, бироқ унинг шахси ва хотирасига заҳмат етмади. Жон Хопкинс марказида бу каби операциялар йилига 12 марта ўтказилади.

2. Тўрт кун давом этган операция. 1951 йилнинг 4 – 8 февраль кунлари Чикаго госпитали врачлари тўхтовсиз равишда 96 соат мобайнида 58 ёшли Гертруда Левандовски тухумдонининг улкан ўсмасини олиб ташладилар. Бу тиббиёт тарихида энг узоқ давом этган жарроҳлик амалиёти саналади.

Операцияга қадар Гертруданинг вазни 277 килограмм эди, ундан кейин 138 килограммни ташкил этди. Жарроҳлар беморнинг қон босими тушиб кетмаслиги учун ўсмани ўта синчковлик ва оҳисталик билан тўрт кун мобайнида олиб ташлашди.

3. Она қорнидаги операция. Австралиядаги Monash тиббий маркази жарроҳлари 22 яшар Кайли Буленнинг қорнидаги 22 ҳафталик гўдакни операция қилишди. Бу ҳазилакам иш эмас эди – тиббий иплар боланинг тўпиғига илашиб, тортиб, бу эса тиззага қон ўтмаслигигига олиб келди. Мазкур ҳолатларда жарроҳлар фақат 28 ҳафталик гўдакни операция қилишга журъат этишлари мумкин. Бироқ «анъана»га риоя қилинса, болакай иккала оёғидан айрилиши ҳеч гап эмас эди.

Операция бошланишига қадар гўдакнинг ўнг оёғи аллақачон касаллик юқтирган, қолаверса, ҳали жиш урмаган, яъни операция қилинишга тайёр эмас эди (уни бола 4 ёшга тўлганида операция қилишди). Ҳар ҳолда унгача чап оёқни сақлаб қолдилар. Операция пайтида ҳомиланинг бўйи бор-йўғи 17 сантиметрни ташкил этган.

4. Ўз-ўзини операция. 1921 йилда жарроҳ Эван О'Нейл Кейн этни оғриқ сезмайдиган қилиш орқали ўзининг кўричагини олиб ташлади. Ушбу кўричакнинг чувалчангсимон ўсиги ваҳимали эди.
Операция жараёнида, ҳар эҳтимолга қарши, қўшни хонада уч нафар шифокор ёрдамга шай туришди.

Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтиб, ҳатто 1932 йили Кейн ўзидаги чов чуррасидан халос бўлиш билан боғлиқ мураккаб операцияни ҳам ўтказди. Бу амалиёт мобайнида у, ҳатто ҳазилкашлик ҳам қилган.

5. Юзни кўчириш. 2007 йилнинг январ ойида 31 ёшли Паскаль Колер ўта ноёб ва қўрқинчли хасталик бўлмиш неврофиброматоз (Реклингхаузен касаллиги) бўйича операция қилинди. Бу хасталик унинг чеҳрасини мудҳиш қиёфага солган эди. Улкан ўсимта шўрлик Паскални рисоладагидек тановул қилишига халақит бериб, уни одамови қилган эди.

Профессор Лоран Лантиери ҳамкасблари билан марҳум донорнинг юзини кўчириб ўтказиш амалиётини олиб борди. Операция 16 соат давом этиб, ижобий якун топди. Колернинг қиёфаси марҳум донорникига ўхшамайди, унинг юзидаги суякларга тегинилмаган.

Француз жарроҳлари 30 ёшли Паскаль Колерга том маънода янги ҳаёт ва бахт туҳфа этишган эди. Бояқиш 24 йил мобайнида юқорида номи тилга олинган касалликдан азоб чекиб келган. Айтишларича, бундан юз йилча муқаддам машҳур Жозеф Меррик ҳам шу хасталик билан оғриган экан. Меррик ҳаёти Дэвид Линчнинг «Фил-одам» фильми сюжетига айланган.

Шифокорлар Паскални операция столига ётқизишдан олдин у ҳар қандай лаҳзада ҳаётдан кўз юмиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган эди. Паскаль ҳеч қандай иккиланишсиз бу имкониятдан фойдаланишга қарор қилганини билдирди.

– Операцияга тайёрлай бошлаганларида мен ниҳоятда шод эдим, – дейди у. – Ахир, бошқалар каби ҳаёт кечириш имкониятини қўлга киритишим мумкин эди. Энди менга бошқача нигоҳ ташлашади.

Жарроҳлик амалиётидан сўнг у касалликдан буткул халос бўлди ва ҳисобчилик касби ҳамда оила қуриш ҳақида ўйлай бошлади.

Собиқ «фил-одам» шахси сир тутилаётган ўзининг донори ким эканлигини ҳам билмайди. Бироқ уни миннатдорчилик билан эслайди.

– Мен ўз халоскоримнинг руҳи шод бўлиши учун ҳар куни дуо қиламан, – дейди Паскаль News Of The World нашрига берган интервьюсида. – У менга нафақат юзимни, балки ҳаётимни ҳам ҳадя этди.

6. Икки марта туғилиш. Америкалик Кери Маккартни ҳомиладорлигининг олтинчи ойида туғилажак боласининг думғазасида хатарли ўсимта борлигини билиб қолди.

Хьюстондаги болалар госпитали жарроҳлари Керини беҳуш қилиб, бачадонини олишди. Уни очиб, ҳомиланинг боши ва елкасини қолдириб, 80 фоизлик танасини кўтаришди ва ўсимтани олиб ташлашди. Шундан сўнг махсус мосламалар ёрдамида ҳомилани бачадонга қайтаришди.

Орадан ўн ой ўтиб, бола соғ-саломат тарзда «қайта туғилди».

Акбар Фатхуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг