80 йиллик сир: нацистлар қатл қилган ўзбек аскарининг шахси аниқланди
1942 йили Нидерландия ўрмонларида фашистлар томонидан қатл этилган ўзбек аскарларидан бирининг шахси аниқланди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳридаги концлагерда минглаб совет фуқаролари сақланган. Улар орасида Смоленск яқинида асир олинган ўртаосиёлик аскарлар ҳам бор эди. Тарихий манбаларга қараганда, 101 нафар аскарнинг асосий қисми Ўзбекистондан бўлган.
Бир неча йилдан бери ўзбекистонлик аскарларнинг фожиавий қисматини ўрганиб келаётган тадқиқотчи Ремко Рейдинг қарийб 80 йиллик сирни очишга муваффақ бўлди: у Илша Маҳаметов исмли аскарнинг шахсини аниқлади. Р.Рейдинг маҳбусларнинг қариндошларини топиш мақсадида аввалроқ Ўзбекистонга ҳам келган.
Ўтган ўнйилликлар давомида И.Маҳаметовнинг қизи умидини сўндирмай отасини қидирган. У айни пайтда 85 ёшда.
«Онамнинг йиғламаган куни йўқ эди. У изтироб ва алам ичида яшади», – дейди марҳум ўзбек аскарининг набираси Дилноз Баратова.
1942 йилда отилган аскарнинг жасади қолдиқлари 1945 йилда топилган. Шу билан бирга шахсий буюмлар, ҳужжатлар ҳам қўлга киритилган. Улар асосида марҳумнинг шахсига аниқлик киритилган.
101 нафар совет аскари 1941 йилнинг 27 сентябрида фашистлар лагерига келтирилган. Улар тутқунгоҳда шафқатсиз азоблар, очлик ва хўрликларни бошдан кечирган. Ўзини «олий ирқ» вакили деб билган ҳитлерчилар ўртаосиёлик асирларни «уберменш» (чала одам) деб атаган.
Тадқиқотчи Ремко Рейдингга кўра, ўзбек аскарлари очлик ҳукм сурган ҳолатда ҳам ақл бовар қилмас тарзда инсонийлигини сақлаб қола билган: ойлар давомида туз тотмаган асирлар онда-сонда берилган нонни ҳам жанжал-тўполонсиз тенг бўлишиб еган.
Ярим йилдан кейин очлик ва касаллик туфайли 24 нафар жангчи ҳалок бўлган. Қолган 77 нафар аскар эса 1942 йилнинг 9 апрелида концлагер яқинида отиб ташланган. Кафансиз кўмилган жангчиларнинг ҳоки кейинроқ Лёздин қабристонига қайта дафн этилган. Қатлгоҳда эса махсус ёдгорлик ўрнатилган.
Аввалроқ 101 аскар ҳақида маълумот тўплаш мақсадида Ўзбекистондан Нидерландияга экспедиция уюштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
«Ўзбеккино» эса Амерсфорт тутқунгоҳи асирларининг фожеали тақдири ҳақида бадиий фильм олинганини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter