Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади

190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–5263-сон, 22.10.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда:

  • амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома (чеклист) тўлдирилиб, лойиҳа қабул қилингунигача бўлган босқичларда унга илова қилинади;
  • чеклист тўлдирилмаган лойиҳалар адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди ва ишлаб чиқувчига қайтарилади;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларида аниқланган коррупциявий омиллар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланади.

Қарорга кўра, 2021 йилда амалдаги 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.

 2022 йил 1 январдан илмий ташкилотлар ва ОТМ вакиллари ҳамда жисмоний шахслар – мустақил экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиши мумкин.

Экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулосалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий кўриб чиқилади.

 Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш фаолияти ҳар олти ой якунида баҳоланади.

 Шунга кўра, ходимларни лавозим маошларининг 100 фоизи миқдорида бир марталик пул маблағлари бериш орқали рағбатлантириш ёки уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш бўйича чоралар кўрилади.

Қарор билан шунингдек, қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг