«1 йилда 14 ойлик иш ҳақи» – Португалиядаги ўзбек тадбиркори Илҳом Чоршанбаев билан суҳбат
Чет элдаги ватандошларимиз билан интервюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Илҳом Чоршанбаев Самарқанд вилоятида туғилган. 20 йилдан буён Португалияда оиласи билан истиқомат қилиб келади.
Илҳом ака билан суҳбатимиз нега Португалияга кетгани, у ердаги ҳаёт, бизнеси ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.
Фарзандларимизни Европада ўқишини хоҳлаганмиз
Самарқанд шаҳрида туғилганман. Оилада 11 фарзандмиз. Тиббиёт техникумини тугатганман, сўнг бироз вақт тиббиёт соҳасида ишладим.
2001 йили Португалияга келганман, 20 йил бўлди шу ерда ишлаб, яшаяпман оилам билан. Уч нафар фарзандим бор, катта фарзандларим шу ерда ўрта ва олий таълимни битиришиб, ишлашаяпти, ўғлим халқаро бизнес соҳасида, қизим эса стаматолог, кичик қизим шу ерда туғилган, ҳозир боғчага боради.
Португалияга келишимга сабаб, ёшлигимдан чет мамлакатларга чиқиб ишлаш, ҳам бошқа давлат маданияти билан танишишга қизиққанман ва яна фарзандларимизни Европада ўқишини рафиқам билан хоҳлаганмиз. Нега айнан Португалия экани эса бу ернинг иқлими ёқади, қаттиқ совуқ бўлмайди, табиати гўзал, ҳам ўша йиллари бу давлатда четдан келганларни легализация қилиш, яъни қонунан ишлаб яшашга рухсат олиш осонроқ эди.
Оилангиз бўлса, ҳамма машаққатларни енгиб ўтасиз
Бир юртдан бошқа бир юртга келиб ишлаш, жойлашиш осон эмас, биз жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик, аммо ёнингизда сизни тушунган ва кўмак берувчи оилангиз бўлса, ҳамма машаққатларни енгиб ўтасиз.
Бу ерга келганимда, аввало, тилни ўрганишга киришдим, паралел ишлай бошладим, 7 йил битта корхонада, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда керак бўладиган ўғитлар, кимёвий таркиблар сотуви билан шуғулланадиган корхонага экспедиторлик қилдим ҳамда кечки пайт,мева-сабзавотлар сотиладиган улгуржи савдо марказидаги омборда ҳам ишладим. Бу ерда иш баъзан тунги 1-2 гача бўлар эди.
Аммо мамлакатда меҳнат қилсангиз қадрлашади, ёрдамлашишади, мени юқоридаги иш жойиларда жуда илиқ қарши олишган ва тилни ўрганишимга, шароитига кўникишимга, яшаш тарзи билан танишувимга катта ёрдам беришган.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш қийин эмас
Бизнесимизни 2008 йилда кичик дўконча билан бошладик, рафиқам билан биргаликда оилавий юритамиз. Аниқроғи, кийим-кечак савдоси билан шуғулланамиз, бизнесимиз юра бошлагач, каттароқ дўкон очишни ўйлаб, ижарага бошқа каттароқ дўкон олиб юрита бошладик, исмини қизимиз номига «DINORA» деб қўйганмиз.
Бу ерда вақтида ҳамма солиқ ва тўловларни тўлаб борсангиз, муаммо булмайди, бу ёғи ўзингизни ҳаракатингиз ва иш услубингизга боғлиқ, бу бизнесни юритиш ҳам осон эмас. Рақобатчилар кўп, ўзига хослигингиз билан ажралиб турмасангиз, мижоз эътиборини торта олмайсиз, бунга ҳамма нарса киради, товар ассортименти, витриналар безалиши, товарлар рекламаси, сотувчи муомаласи, хуллас майда деталларгача эътибор бериш лозим.
Португал халқи яхши сервисни хоҳлашади ва шунинг учун мижоз билан муомала қилганда жуда эътиборли, эҳтиёткор бўлиш керак. Албатта ўзига яраша қийинчиликлари бор, кийим-кечак бизнесида мода ритмини ушлашингиз зарур. Товар танлашда, ундан ташқари ҳисоб-китоб ишларини ҳам ўзимиз қиламиз.
Шунингдек, бу ерда солиқ тўлов турини тадбиркорнинг ўзи танлайди, яъни хоҳласангиз ҳар ойда ёки ҳар уч ойда бир топширишингиз мумкин, фойдадан 23 фоиз тўланади.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш қийин эмас, молия бўлимига бориб расмийлаштирасиз, ярим соатда бўладиган иш. Шу кундан бошлаб, белгиланган солиқларни ва ижтимоий ҳимоя тўловларини тўлай бошлайсиз. Фаолиятни расмийлаштириш осон, аммо уни юритиш, орқада қолмаслик, доимо қанақадир ўзгаришлар қилиб, ўзига хосликни сақлаш осон эмас. Якка тадбиркор бўлганингиз учун ўзингиз ҳаракат қилмасангиз бўлмайди, шунинг учун кўпинча дам олиш кунлари ҳам ишлашга тўғри келади.
1 йилда 14 ойлик иш ҳақи белгиланган
Португалияда хорижий ишчиларга, яъни ўша қонуний расмийлаштирилган яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи «cartáo de residensia» ҳужжатингиз бўлса, ҳуқуқларингиз маҳаллий аҳолиники билан бир хил, фақат сайловда овоз бериш ҳуқуқидан ташқари.
Ҳафта давомида 8 соатлик иш куни белгиланган, шанба ва якшанба кунлари ишласангиз қўшимча 2 баробар ҳақ тўланади, бу ерда 1 йилда 14 ойлик иш ҳақи белгиланган. 12 ойдан ташқари бир ой Янги йил байрами ҳамда таътилга кетган вақтингизда яна бир ой қўшиб беришади, ойлик маоши ишлаб турган лавозимига қараб, минимал иш ҳақи 700 евро ва субсидия сифатида тушлик пули ҳам берилади.
Четдан келганларга меҳрибон ва эътиборли халқ, вақтида ўзлари ҳам Европанинг бошқа давлатларида иммигрантлик қилишган. Буни яхши тушунишади ва шунинг учун қўлларидан келганча ёрдамларини аямайдилар.
Ойлигингизнинг 60 фоизи тўлаб берилади
Менга бу ердаги ижтимоий таъминот тизимининг фаолияти жуда маъқул келади. Яъни бу тизимга ҳар ой ойлик иш ҳақидан ишчи 11 фоиз, ишхона эса 23 фоиз тўлов тўлайди. Бу миллий ижтимоий таъминот тизимини ташкил этувчи Португалия ижтимоий таъминоти барча Португалия фуқароларига ёки Португалияда фаолият кўрсатадиган ёки истиқомат қиладиган чет эл фуқароларига асосий ҳуқуқлар, тенг имкониятлар, фаровонлик ва ижтимоий бирдамликни таъминлашга қаратилгандир.
Дейлик касал бўлиб касалхонага тушдингиз, даволандингиз ёки жарроҳлик амалиётларини ўтказдингиз, ҳеч нима тўламайсиз, яъни ижтимоий таъминот бўлими сизни ҳамма тўловларингизни тўлайди ёки ишсиз қолдингиз бир ярим йилгача ижтимоий таъминот тизими сизни ойлигингизни 60 фоизини тўлаб беради. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, умуман олганда бу ердаги ижтимоий таъминот тизими ишчи-хизматчиларнинг ҳимоясига хизмат қилади.
«Жаннатмакон бурчак!» деб аташади
Португал тили испан тилига жуда ўхшаш, ўзига хос тил. Дунёда сўзлашув даражаси бўйича 5 ўринда туради.
Португалия эса Европа Иттифоқига аъзо. Тарихда португаллар денгиз орқали чиқиб, янги ерларни кашф этиб, харитани кенгайтиришган. Умуман, португаллар саргузаштларни ёқтирадиган халқ.
Мамлакат аҳолиси 11 миллионни ташкил этади. Португалия кичик давлат бўлса-да, аммо дунёдаги энг тинч турмуш тарзига эга давлатларидан бири. Охирги 3 йил давомида эса Португалия кетма-кет, туристлар учун энг кўп тавсия қилинадиган юрт деб тан олинган. Бу ерда туризм жуда яхши йўлга қўйилган, сервислар юқори даражада ва табиати ҳам жуда гўзал, денгиз мавжлари, пляж ҳамда Европадаги бошқа давлатларга қараганда сайёҳлар келиб айланиб, дам олишлари учун харажатлари унчалик қиммат эмас. Шунинг учун ҳам Португалияни Европа давлатлари орасида «Жаннатмакон бурчак!» деб аташади.
Инсонларнинг турмуш тарзига келсак, албатта бизникидан анча фарқ қилади, биз ёқтирадиган ва ёқтирмайдиган томонлари ҳам бор. Португаллар оддийликни яхши кўрадиган кўнгли очиқ халқ, турмуш тарзида ортиқча безакни эмас, оддийликка, аммо сифатли нарсаларни танлашади.
Таомларига келсак, балиқ маҳсулотларини, денгиз маҳсулотларини кўп истеъмол қилишади. Зайтун ёғини афзал кўришади. Яна бир ўзига хос томони бу кофе. Португалияди кофе энг ажойиб таъмга эга. Португаллар кунни ажойиб кофе билан бошлашади, биз ҳам хуш кўрамиз. Португалларда бир ибора бор «Posso sair de casa bem cedo, mas acordar, so depois do meu cafe!», «Уйдан эрта тонг барвақт чиқишим мумкин, аммо уйғонишим бир пиёла кофедан сўнг», ёки «O segredo para um bom dia: um sorriso no rosto, força e cafe» – «Кун ажойиб бошланишининг сири, бу – юзда табассум, қалбда меҳр ва бир қултум кофедир».
Португал халқининг ўзига хос жиҳати вазминлиги, ҳамма нарсани ўз қоидалари билан қилувчи, шошилмасдан бажарувчи халқ. Ёрдам сўрасангиз доимо имкон борича ёрдамлашишади, муомала маданияти жуда юқори, бирор гапингиз ёқмаса, шунчаки кулиб қўйишади ёки ёқтиришмаган ҳолатни ҳам чиройли қилиб тушунтириб беришади. Фарзандлар тарбиясида эркинлик мавжуд, кичкиналигидан ўзининг мустақил фикри бўлишига, хатолари билан ҳаётни ўрганишига қўйиб беришади.
Олий таълимдаги яна бир яхши жиҳати шуки, кириш тестлари бўлмайди, яъни 11 ва 12-синф якунида бўладиган имтиҳонлар тўплаган баллари ҳамда уч йил давомида фанлардан ўзлаштирган баллари ҳисоблаб чиқилиб, қабул марказларига онлайн тарзда топширилади ва фақат танлов қилиниб, кимнинг бали юқори бўлса ўша ўтиб кетаверади.
Она-Ватан соғинчи!
Бу ерда бизни қийнайдиган асосий нарса Ватан соғинчи, яқинлар дийдори. Шунча йил яшаётган бўлсак-да, бу ерда барибир Ўзбекистонни жуда соғинамиз, ўзимизнинг миллийлигимизни, урф-одатларимизни соғинамиз. Таътилга бориб турамиз, Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришларни кўриб хурсанд бўламиз. Уйда доимо болалар билан ўзбек тилида гаплашамиз, Аллоҳга шукр ўзбек тилини жуда яхши гапиришади.
Биз дунёнинг қайси бурчагида бўлмайлик, она-юрт ҳисси доимо қалбимизда яшайди. Ризқу-насибамиз шу юртларга сочилган экан, яратганга шукр деб ишлаяпмиз, аммо Ватанга қайтиш режамиз бор, мусофирчилик осон эмас, шунинг учун Ватандан йироқда ҳаётини, шароитини яхшилаш учун меҳнат қилаётган ватандошларимга омонлик, бардош, тинчлик тилаб қоламан! Ўзбек деган номни, меҳнатсевар халқ вакили эканлигимизни бутун дунёга танитишдан чарчамайлик.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter