Янги қонун нимани ўзгартиради?
Марказий банк яқинда қабул қилинган кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштиришга доир қонунни шарҳлади, деб хабар берди Норма.
22 октябрдаги Қонун инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритишдаги ишончини мустаҳкамлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Гаров бозорининг шаффофлигига ижобий таъсир кўрсатиб, унинг ривожланишига хизмат қилади, дейилади хабарда.
Янги ҳужжат олиб борадиган асосий ижобий ўзгаришлар:
- у кўчар мулкларнинг таъминот бозорига жадал кириб бориши ҳисобига тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш учун шароит яратади;
- гаров реестри орқали таъминотлар бозорининг шаффофлигига олиб келади ва барча бозор иштирокчилари ўз хавф-хатарларини туғри ва оқилона баҳолашига йўл очиб беради;
- кўчар мулклар иштирокида молиявий бозор янада ривожланиб, унда фақатгина банклар асосий иштирокчи сифатида эмас, балки бошқа профессионал иштирокчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради;
- чет-эл инвесторларининг мазкур яратилаётган тизим орқали миллий иқтисодиётимизга бўлган ишончи ортиб боради ва ўз бизнесини ва маҳаллий ҳамкорлар билан бўладиган муносабатларда ўз хатарларини бошқариш инструментлари яратилади ҳамда улар инвестиция киритиш бўйича қабул қиладиган қарорларининг муддатлари сезиларли даражада қисқартирилишига хизмат килади;
- ажратиладиган кредитлар, микрокредитлар ва бошқа қарз мажбуриятларининг операцион харажатлари кескин камайган ҳолда кредитлар бўйича хатар фоизларининг пасайишига олиб келади.
Шу билан бирга, бу Ўзбекистоннинг кредит олиш индекси, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражаси бўйича халқаро рейтинглари, шу жумладан «Doing Business» рейтингини ошириш имконини беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter