Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент йиғилиш ўтказди, кун тартибида — электр масаласи

Президент йиғилиш ўтказди, кун тартибида — электр масаласи

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 феврал куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Сўнгги йилларда энергетика бутун дунёда долзарб масалага айланиб бормоқда. Шу боис салоҳиятли давлатлар унинг муқобил йўлларини изламоқда. Бугун жаҳон энергетикасида «яшил энергетика» улуши қарийб 30 фоизга етган, айрим Европа давлатларида 80-90 фоиздан ошган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳам бу борада фаол иш олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда энергетика соҳасига 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Хусусан, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қуёш электр станциялари ишга туширилди. Бу йил 18 та шундай станция барпо этилмоқда. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.

Ўзбекистон Президентининг шу йил 16 февралдаги қарори билан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш бўйича катта дастур қабул қилинди. Жумладан, «Яшил энергия» компанияси ташкил этилиб, унга дастлабки 10 миллион доллар йўналтирилди.

Мазкур дастурга кўра, жорий йилда тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1 минг 700 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.

Йиғилишда мутасаддилар шу борадаги ишларнинг ташкилий ва молиявий жиҳатлари юзасидан ахборот берди.

Хусусан, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 220 мегаватт, тадбиркорлар томонидан 1 минг 300 мегаватт ва янги қурилаётган кўп қаватли уйлар томида 15 мегаватт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши айтилди. Бу борада Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Навоий ва Самарқандда фаол иш бошланган.

Президент жойларда ишларни тўғри ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг