Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияга 70-йилларда 300 минг сайёҳ келган. Қандай қилиб сайёҳлар оқими 52 миллионга етди?

Туркияга 70-йилларда 300 минг сайёҳ келган. Қандай қилиб сайёҳлар оқими 52 миллионга етди?

Тошкентда «Ўзбекистонда туризм ҳудудларини режалаштириш ва Туркия тажрибаси» амалий семинари ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган ушбу тадбирда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлигининг Инвестициялар ва амалга ошириш Бош бошқармаси мутасаддилари, Туркия Мустақил меъморлар уюшмаси раҳбарияти иштирок этишди.

Тадбирда туркиялик маслаҳатчи Содиқ Бадак «Ўзбекистонда туризм ҳудудларини режалаштириш ва тематик туризм шаҳарчаси намунаси» мавзусида тақдимот қилди.

«Ўзбекистонда маданий, гастрономик, тиббиёт, эко, агротуризм ва туризмнинг бошқа турларини ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сайёҳлар эътиборини тортишда тематика муҳим аҳамият касб этади. Биз туризм ҳудудларини ривожлантириш учун уларга муайян мавзуларни юклашимиз керак бўлади. Мазкур лойиҳамизда ўзбек халқининг узоқ йиллик тарихи, маданияти, этнографияси, анъана ва қадриятларини ўзида акс эттирувчи тематик туризм шаҳарчаси ғоясини илгари сурдик», — деди Содиқ Бадак.

Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Танер Пири ва бўлим бошлиғи Мустафо Ўздемир вазирликнинг туризм ҳудудларини режалаштириш ва инвесторлар учун ер майдонларини ажратиш фаолияти бўйича тақдимот қилишди ҳамда Туркиянинг туризм соҳасида эришган ютуқларига тўхталиб ўтишди. «Туркия ўтган асрнинг 70-йиллари охирида 300 минг сайёҳ қабул қила олган эди. Ўша Туркия билан 2019 йилда қарийб 52 миллион сайёҳга юқори даражали хизмат кўрсата олган Туркия ўртасида 40 йиллик тажриба бор. Бу тажриба замирида тўғри режлаштириш ва лойиҳалаштириш концепцияси ётади. Туризм ҳамма жойда ҳам ривожланавермайди – энг аввало, туризм салоҳиятига эга бўлган ҳудудни тўғри танлай билиш лозим. Шунчаки, шаҳарнинг бир четида меҳмонхона қуриш, ресторан очиш ёки савдо шохобчаси барпо этиш билан туризм ривожланиб қолмайди. Концепцияси ва режа-лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳудудлардагина комплекс туристик хизмат маданияти шаклланади”, — дея таъкидлади Танер Пири.

Туркиялик яна бир мутахассис Ўндер Каянинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда туризм соҳасида улкан имкониятлар эшигининг очилиши кўплаб янги туризм лойиҳаларига йўл очади. «Биз бунга шунчаки бизнес ёки даромад манбаи сифатида қарамоқчи эмасмиз, узоқ муддатли, кенг қамровли ҳамкорлик имкониятларини кўряпмиз. Шу боис лойиҳалар ишлаб чиқиш билан чекланмасдан, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлашда Ўзбекистоннинг ёш, билимдон ва изланувчан ёшларининг малака оширишларида кенг кўламли ҳамкорликни таклиф этмоқчимиз. Ўзбекистон диёри муҳташам тарихий обидалар, режаси пишиқ ишланган шаҳарларга бой. Демак, бу мамлакатда меъморчилик, режалаштириш ва лойиҳалаштириш соҳасида улкан тажриба мавжуд. Ушбу кўп асрлик тажрибани замонавий туризм объектларини барпо этишга йўналтира олсак, улкан муваффақиятларга эришишимизга шубҳам йўқ», — деди у.

Бундан ташқари, Гунеш Гўкчек, Мустафо Ўздемир ва Эркан Качарлар ҳам соҳани ривожлантиришга доир қизиқарли тақдимотлари билан қатнашишди. Семинарнинг иккинчи кунида Туризмни ривожлантириш қўмитаси ходимлари томонидан лойиҳалаштирилаётган туризм зоналари жойига бориб ўрганилди. Тошкент вилоятидаги туризм зоналари бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар туркиялик мутахассислар томонидан юксак баҳоланди. Тадбир якунига кўра, туркиялик экспертлар билан лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Манба: uzbektourism.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг