Тошкентда 5915 та корхона умумбелгиланган солиқ тўловига ўтди
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасида шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда солиқ тизимидаги ўзгартиришларга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Унда пойтахтимизда фаолият юритаётган салқин ичимликлар, қандолат, сут ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарлари ва бош ҳисобчилари иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар берди.
Тадбирда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Н.Турсунов ҳамда Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатов Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони асосида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар ва 2019 йилдан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунтириш берди.
Маълумки, жорий йилдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари умумбелгиланган солиқ тўлови тизимига ўтмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган 5915 та субъект қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.
Семинарда иштирокчиларга салқин ичимликлар, қандолат, сут ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш, тўлаш ҳамда ҳисоботларни топшириш тартиблари кўргазмали восита ҳамда слайдлар ёрдамида тушунтирилди.
Мулоқот жараёнида қайд этилганидек, бугун солиқ хизмати органлари текширувчи эмас, хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органларининг 220 нафардан зиёд малакали ходимлари ҳар куни жойларга чиққан ҳолда умумбелгиланган солиқ тўлови тизимига ўтаётган корхоналар раҳбар ва бош ҳисобчилари билан мулоқот ўтказмоқда. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши баробарида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Бундан ташқари, умумбелгиланган солиқ тўлови тизимига ўтаётган тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Telegram» ижтимоий тармоғида саҳифалар очилиб, 5000 дан ортиқ солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларга аниқ ва тезкор жавоблар берилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter