Тадбиркорлар ўртасида ҚҚС бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда
Сўнгги кунларда энг кўп муҳокамага сабаб бўлган қўшимча қиймат солиғи билан боғлиқ тушунмовчиликларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан шаҳар прокуратураси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар қилди.
Жумладан, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбари Н.Турсунов, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатов пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида фаолият юритаётган «KRANTAS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари ҳамда ҳисобчиси билан ўзаро фикр алмашиб, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
«Солиқ хизмати органлари текширувчи эмас, хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланмоқда.
Ўрни келганда айтиш жоизки, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жорий йилдан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоизлик ягона ставкаси жорий этилди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадали бутунлай бекор қилинди. Натижада 2019 йилда шаҳримиз фуқаролари ихтиёрида 1342,5 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Ушбу пасайтиришлар ҳисобига жорий йилда пойтахтимизда фаолият юритаётган тадбиркорлар ихтиёрида 702,2 миллиард сўм қўшимча маблағ қолиши кутилаяпти», дейилади хабарда.
Шунингдек, мутахассислар Миробод туманида жойлашган «EASY TAXI SERVICE» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш корхонасига ҳам ташриф буюриб, тушунтириш ишларини олиб боришди.
Маълум қилинишича, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни солиқ тўловчиларга тушунтириш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир туман давлат солиқ инспекциясининг «Теlegram» канали ишга туширилган. Тадбиркорлик субъектлари солиқ қонунчилиги бўйича қўшимча саволлар юзасидан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг 71-244-54-86 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter