Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда «Орзудан муваффақиятгача…» форуми  бўлиб ўтди

Қорақалпоғистонда «Орзудан муваффақиятгача…» форуми  бўлиб ўтди

«Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки ташаббуси ва Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Нукус шаҳрида «Орзудан муваффақиятгача…» шиори остида иккинчи хотин-қизлар форуми ўтказилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунарга ўргатиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Форумда қорақалпоғистонлик тадбиркор ва ишбилармонлар, шунингдек, тадбиркорликка қизиққан 250 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этди. Тадбирда банк томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, 2021–2024 йилларда «Микрокредитбанк» томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 210 мингдан ортиқ хотин-қизларга 3,7 трлн сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу жумладан, Қорақалпоғистонда 19 мингга яқин хотин-қизлар учун 267 млрд сўм кредит йўналтирилди.

2024 йилнинг ўзида банк 89 592 нафар хотин-қизнинг бизнесини молиялаштириш учун 1 трлн 604 млрд сўм имтиёзли кредит ажратди. Натижада 92 200 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, ПҚ-122-сонли қарор асосида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан маблағ жалб қилиниб, 19 370 нафар хотин-қизга 253,2 млрд сўм кредит берилди.

2024 йил 7 мартда қабул қилинган 122-сонли Президент қарори хотин-қизлар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Мазкур қарор асосида аёлларни бизнесга жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари аниқ белгилаб берилди.

Мисол учун, Нукус шаҳридаги «Қоскөл» маҳалласининг 2 148 нафар аҳолиси орасида хотин-қизлар фаол тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Улар касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, ҳамширалик каби 15 га яқин йўналишда ўз бизнесини йўлга қўйган. Йил бошидан буён ушбу маҳаллада 92 нафар хотин-қизга банк томонидан 841 млн сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди. Уларнинг аксарияти уйдан чиқмаган ҳолда тадбиркорликни бошлашга муваффақ бўлди.

Форум доирасида Чимбой туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Гулистон» маҳалласининг тадбиркор аёли Мавлуда Алимбетова хонадонида амалий семинар ташкил этилди. Семинарда жиззахлик тажрибали тадбиркор, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» Шарофат Нориева иштирок этди ва маҳалладаги 50 дан ортиқ хотин-қизга гулчилик ва деҳқончиликдан даромад топиш сирларини ўргатди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда иқтисодиёт ва саноат тармоқларида аёллар улуши 46 фоизни ташкил этади. Шунингдек, 120 мингдан зиёд кичик бизнес субъектларига ва 4 550 дан ортиқ фермер хўжаликларига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Келгуси икки йилда кичик ва ўрта бизнесда хотин-қизлар улушини 25 фоиздан 40 фоизга ошириш режалаштирилган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар минглаб аёлларнинг бизнес-лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашмоқда. Банк 2025 йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни режалаштирган. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар фаолияти мунтазам ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, «Орзудан муваффақиятгача…» форуми илк бор Бухоро шаҳрида ўтказилган эди.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг